Судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатлари кенгайтирилди

Улашиш:

Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биносида видеоконференцалоқа шаклида туманлараро ва туман судлари раислари, судьялар, прокуратура ва суд ходимлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти кенг муҳокама қилинди.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, эндиликда прокурор ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарни қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорларга ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилди.

Суд мажлислари тўғрисида прокуратура органларини хабардор қилиш, электрон рўйхат орқали ишларни кузатиб бориш тартиби келишиб олинди. Бу мақсадда jadval2.sud.uz платформасидан фойдаланиш имконияти ҳам яратилди.

Семинарда Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар ишида қонунийликни таъминлаш ва фуқаролар ҳамда давлат манфаатларини тўла ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Муродбек Зулфуқоров
Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.