Жиззахда 69 нафар фуқаронинг уй-жой ва ерга мулк ҳуқуқи расман эътироф этилди

Улашиш:

Жиззах вилоятида яна 69 нафар фуқарога уй-жой ва ерга мулк ҳуқуқи расман эътироф этилди. Бу ҳақда 2025 йил 20 июнда Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг VII-11-139-3-0-К/25-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, вилоятнинг Галлаорол (27), Бахмал (15), Ш.Рашидов (9), Зомин (5), Зарбдор, Жиззах шаҳри ва Арнасой (ҳар бири 3 тадан), Пахтакор (2) ҳамда Фориш (1) туманларида яшовчи фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган уй-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқлари қонуний тартибда тан олинди.

Мазкур қарор орқали кўп йиллардан бери ҳуқуқий мақомсиз яшаб келаётган фуқароларнинг муаммосига ечим топилди. Улар эндиликда ўз мулкини расман рўйхатдан ўтказиш, фойдаланиш, мерос қолдириш ёки ипотекага қўйиш ҳуқуқига эга бўлишмоқда.

Маълумот ўрнида: Жиззах вилоятида бугунгача 97 дан зиёд маҳаллада жами 21 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти техник инвентаризациядан ўтказилди ва электрон хариталар яратилди. Уларнинг 19 мингдан ортиғи UZKAD ахборот тизимида электрон йиғмажилд шаклида миграция қилинган бўлиб, 17 мингдан зиёди фаоллаштирилган.

Шунингдек, 10 673 дан зиёд объект ҳақидаги маълумотлар “ЭЪТИРОФ” ахборот тизимига киритилди. Улардан 835 таси эълон қилинган, 9669 таси муҳокама жараёнида, 240 дан ортиғи адлия органларида кўриб чиқилмоқда. 188 та объект таҳрирлаш босқичида, 93 таси учун тўлов кутилмоқда.

Мазкур жараёнлар Жиззах вилоятида фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳуқуқий асосда тан олиш, тартибга солиш ва давлат рўйхатига олишдаги тизимли ислоҳотларнинг давомидир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.