Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 68-моддасида, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Кейинги вақтларда фуқаролар томонидан қонун талабларига риоя қилмасдан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, уй-жой ва бошқа бино ишоотлар қуриш ҳолатлари учраб турмоқда.
Тўғри, фуқаро нормал турмуш кечириши учун авваламбор у турар жойга эга бўлиши керак. Уй-жой сотиб олиш, ер участкаси олиш тартиби қонунларда белгиланган бўлса-да, лекин айрим фуқаролар қаровсиз қолган, ташландиқ жой деган тушунчалар билан ерларни эгаллаб олганлар.
Аслида қаровсиз, ташландиқ қолган ер участкалари мавжуд эмас, жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган барча ер участкалари давлат захирасига тегишли бўлган ерлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқарорлик кодексининг 212-моддасида, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Шу сабабли, ер участкаси белгиланган тартибда ажратилмас ва жойида ўлчаб берилмас экан, унда қурилиш қуриш ҳам мумкин бўлмайди. Қурилган қурилиш суд қарори асосида, ноқонуний қурилиш қурган шахс ҳисобидан бузилиб, буни натижасида фуқаро ортиқча моддий сарф харажатларга тушиб қолиши мумкин.
Буни суд амалиётида бир қанча мисолларда кўриш мумкин.
Масалан, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси жавобгар А.Н га нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани буздириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъвогар даъво талабига асос сифатида ер майдонларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш аҳволи ўрганилганда, жавобгар А.Н Шароф Рашидов тумани, “Ёйилма” МФЙ ҳудудида ўзбошимчалик билан 140 кв.м. ўлчамдаги (10 х 14 метр) ер участкасига уй-жой қуриб олганлиги, мазкур ноқонуний қурилмани бартараф этиш бўйича жавобгар А.Н га огоҳлантириш хати берилган бўлса-да, у томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилмаганлигини кўрсатган.
Кадастр агентлиги Шароф Рашидов туман бўлимининг 2023 йил 28 апрелдаги қарорига кўра, А.Норбеков Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисми билан ҳуқуқбузар деб топилиб, маъмурий жарима жазосига тортилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2023 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.
Унга кўра, жавобгар А.Норбеков томонидан Шароф Рашидов тумани, “Ёйилма” МФЙ ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилган 140 кв.м. ўлчамдаги уй-жойни жавобгарнинг ҳисобидан буздириш ва жавобгар А.Норбековдан давлат фойдасига 660.000 сўм давлат божи, даъвогар фойдасига 33.000 сўм почта харажатини ундириш белгиланган.
Шунингдек, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси жавобгар Н.С га нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани буздириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъвогар даъво талабига асос сифатида ер майдонларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш аҳволи ўрганилганда, жавобгар Н.С Жиззах шаҳри, Нурлиобод МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар жой биносига туташ бўлган 130,0 кв.м. ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, 102,0 кв.м қисмига айвон қуриб олганлиги, мазкур ноқонуний қурилмани бартараф этиш бўйича жавобгар Н.С га огоҳлантириш хати берилган бўлса-да, у томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилмаганлигини кўрсатган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2024 йил 06 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар Н.Солиев томонидан Жиззах шаҳри, Нурлиобод МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар жой биносига туташ бўлган 102,0 кв.м ер майдонига қурилган айвонни жавобгар ҳисобидан буздириш, жавобгар Н.Солиев ҳисобидан давлат фойдасига 680.000 сўм давлат божи, кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси фойдасига 34.000 сўм почта харажати ундириш белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ишни амалга оширишни қонуний тартиб тамойиллари мавжуд бўлиб, фуқаролар уй-жой, нотурар жой қуриш олди ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши, акс ҳолда қурилган қурилма суд қарори билан бузилиши, қилинган сарф харажатлари қопланмаслиги ва ортиқча ташвишларни юзага келтиришини доим ёдда тутиши лозим.
Нодиржон Расулов
Жиззах вилояти суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати раиси