Ўзбекистонда 46 даражали иссиқлик кутилмоқда

Улашиш:

1 июлдан 5 июлгача Ўзбекистон ҳудудида ҳарорат аста-секин ошиб, баъзи жойларда 44–46 даражагача етган жазирама кузатилиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Ўзгидромет" хизмати расман маълум қилди.

Шимолий ҳудудларда иссиқликнинг энг юқори нуқтаси 2–3 июл кунлари, чўл зоналарида эса 3–4 июл кунларига тўғри келиши кутилмоқда. Қолган вилоятларда эса жазирама авжига чиқиши 4 ёки 5 июл кунлари кузатилиши мумкин.

Ҳафта ўртасига келиб ҳаво 40–43 даражагача, чекка жануб ва чўл ҳудудларида эса 46 даражагача қизиши мумкин. Об-ҳаво қуруқ бўлиб, шамолнинг кучайиши ҳам кутилмоқда: 2–4 июл кунлари шимол ва чўл ҳудудларида 13–18 м/с, 5 июлда эса республика бўйлаб чанг-тўзонлар билан 20–25 м/с гача етиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ҳам ҳаво анча иссиқ бўлади. 30 июнь ва 1 июлда 35–38 даража, 2–3 июлда 38–40 даража, ҳафта охирида эса 43 даражагача иссиқлик кутилмоқда. Ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво асосан кам булутли бўлади.

Фуқароларга эҳтиёт бўлиш, шамолли ва иссиқ кунларда кўчада узоқ юрмаслик, кўпроқ сув истеъмол қилиш тавсия этилади. Хусусан, қариялар, болалар ва юрак-қон томир хасталиклари бўлганлар учун бундай ҳарорат саломатликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.