Google Pay, Apple Pay ва PayPal Ўзбекистонга кириб келиши мумкин

Улашиш:

Ўзбекистонда Google Pay, Apple Pay, PayPal каби халқаро рақамли тўлов хизматларининг ишга тушиши учун дастлабки ҳуқуқий асослар муҳокама қилинмоқда. Мамлакатдаги мавжуд қонунчилик, хусусан, шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга оид 27.1-модда бу жараёнга тўсқинлик қилмоқда.

2025 йил 19 июль куни Тошкентда халқаро даражадаги мутахассислар, финтех ва ИТ-компаниялар, банклар, Visa, Mastercard, Google ва бошқа йирик брендлар иштирокида экспертлар учрашуви ўтказилди. Учрашув шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг амалдаги нормаларини муҳокама қилишга бағишланди.

Экспертлар қайд этганча, асосий муаммо қонуннинг мазмунида эмас, балки унинг талқини ва қўлланишидаги ноаниқликда. Хусусан, 27.1-модда — фуқароларнинг барча шахсий маълумотлари Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шартлигини белгилайди. Бу талаб халқаро рақамли хизматларни жорий этишда ҳуқуқий монеълик туғдирмоқда.

Музокараларда турли ёндашувлар илгари сурилди. Айрим иштирокчилар локализация талабини умуман бекор қилишни таклиф қилган бўлса, бошқалар бу талабни давлат органлари ва давлат корхоналарига нисбатан сақлаб қолишни, хусусий компаниялар учун эса фойдаланувчининг розилиги билан маълумот алмашинувига рухсат беришни мақбул деб ҳисоблаган.

Барча иштирокчилар шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлашган. Шу билан бирга, рақамли хизматларнинг ривожланиши учун қонунчиликдаги муайян енгилликлар ва аниқликлар зарурлиги таъкидланган.

Президент администрацияси, Рақамли технологиялар вазирлиги, NAPP ва Марказий банк вакиллари бу йўналишда ишни давом эттиришга, экспертлар ва бизнес жамоаси билан мулоқотни кучайтиришга тайёр эканликларини билдиришди. Яқин кунларда қонунга киритилиши мумкин бўлган ўзгартишлар бўйича навбатдаги муҳокама ҳам ўтказилиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.