Ўзбекистонда 2024-2025 йилги ёз фасли тарихда илк бор қишдан кўпроқ электр энергияси сарфланган давр сифатида қайд этилди. 16–21 июль кунлари кузатилган аномал иссиқлик ортидан мамлакат энергетика тизимида суткалик истеъмол бўйича тарихий рекорд қайд этилди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" маълумотларига кўра, 18 июль куни умумий суткалик истеъмол 272,6 миллион киловатт соатга етди. Бу кўрсаткич нафақат қишки максимум (271,8 млн кВт/соат), балки аввалги ёзги рекорддан ҳам (253,3 млн кВт/соат) юқори.
21 июль куни соат 17:00 да эса энергия тизимининг максимал қуввати 13,3 гигаваттни ташкил қилди. Бу ҳам қишки рекорддан (12,5 ГВт) ва 2024 йил июль ойи кўрсаткичидан (11,8 ГВт) анча юқори.
Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида кузатилди:
кунлик истеъмол 32,4 миллион киловатт соатга етди — ўтган йилга нисбатан 33% кўп;
максимал юклама 1811 мегаваттни ташкил қилди (2024 йилда — 1680 МВт);
жорий истеъмол даражаси июль ойига нисбатан 7,6% га, ой бошидан эса 11% га ошган.
Ортиқча юкланишлар туфайли бир қатор ҳудудларда электр таъминотида узилишлар қайд этилмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” РЕС ва филиалларида 24 соатлик махсус авария-қутқарув бригадалари иш бошлаганини ва носозликлар тезкор бартараф этилаётганини маълум қилди.
Компания, шунингдек, аҳолидан узр сўраб, электр энергиясини тежашга, кераксиз қурилмаларни ўчириб қўйишга чақираётганини маълум қилди. Бу ортиқча юкланишлар ва тўсатданги узилишларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Аввалроқ компания куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида режалаштирилган ўчиришлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилишни ваъда қилган эди.