Қирғизистонда 13 мингдан ортиқ талаба ўқишдан ҳайдалди: Қирғиз-Ўзбек университети 3 мингдан кўпроқ талабани йўқотди

Улашиш:

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университетида 3 167 нафар талаба академик қарздорлик ва дарсларга мунтазам қатнашмаслик сабабли ўқишдан четлатилди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига таяниб, маҳаллий ОАВ хабар берди.

Текширувлар натижасида умумий ҳисобда 13 300 нафар талаба турли олийгоҳлардан ўқишдан четлатилган. Улар орасида қуйидаги университетлар ҳам бор:

  • Ўш давлат университети (ЎшДУ) – 3 573 нафар;

  • Ўш технология университети (ЎшТУ) – 2 754 нафар;

  • Ўш давлат педагогика университети (ЎшПУ) – 3 629 нафар;

  • Қирғиз миллий университети филиали – 172 нафар.

Бу миқиёсдаги чора-тадбирлар 2024 йил охири ва 2025 йил бошида ўтказилган профилактик рейдлар натижасидир. Текширувларда университетлар раҳбарияти ҳам иштирок этган.

Давлат хавфсизлик қўмитаси, шунингдек, айрим университет ходимлари талабаларни ноқонуний ўқитиш схемаларига алоқадор бўлиши мумкинлигини ҳам маълум қилган. Тергов натижаларига кўра, улар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ишенали Арабаев номидаги Қирғиз давлат университетида 59 нафар хорижий талабанинг ҳужжатлари сохта экани аниқланган, уларнинг 30 нафари ўзбекистонлик экани қайд этилган эди. Бу талабалар ҳеч қачон Қирғизистонга бормаган ва ўқиш жараёнида қатнашмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.