Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “сертификатсиз ўқитувчилар ишдан бўшатиляпти” деган хабарлар асоссиз. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси маълум қилишича, чет тили ўқитувчиларининг B2 сертификатига эга эмаслиги уларни ишдан бўшатиш учун қонуний асос бўлолмайди.
Шу билан бирга, Меҳнат кодекси ҳам, "Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги қонун ҳам бундай чекловни назарда тутмайди. Бу талаб, айниқса, асосий эмас, қўшимча мезон сифатида кўрилади.
Қарорда талаб бор, лекин жазо кўзда тутилмаган
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги қарорида 2025/2026 ўқув йилига қадар барча чет тили ўқитувчиларида B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификат бўлиши тафсия этилган, лекин бу талаб бажарилмаган тақдирда ишдан бўшатиш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай банди йўқ.
Шунингдек, мазкур қарорда бу талаблар билан бирга ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Қонун ва стандартларда B2 мажбурий эмас
"Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги қонун, касбий стандартлар ва ходимлар учун амал қилувчи классификаторлар — ҳеч қайсида B2 даражаси мажбурий талаб сифатида кўрсатилмаган. Дарс бериш ҳуқуқи эса, аввалгидек, педагогик мутахассислик бўйича бакалавр дипломи орқали белгиланади.
Касаба уюшмаси: "Асоссиз ишдан бўшатишларга чек қўйилади"
Ўқитувчилар ўртасида тарқалаётган хавотирли вазият ортидан Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси давлат идораларига ишдан бўшатишларни тўхтатиш, меъёрларни аниқлаш ва қонунбузар раҳбарларга чора кўриш бўйича талаб билан мурожаат этган.
Шу билан бирга, касаба уюшмаси ва таълим вазирлиги ўртасидаги келишувга мувофиқ, сертификатга талаб қўйилган тақдирда, уни олиш учун аввал бепул малака ошириш курслари ташкил қилиниши шарт.
Xулоса: Устозни эмас, тизимни тайёрлаш керак
Устозларни B2 даражадаги сертификатсиз деб ишдан бўшатиш – на қонуний, на ахлоқий жиҳатдан оқланмайди. Агар таълим тизими сифатини ошириш мақсад қилинган бўлса, аввал устозларга имконият, шароит ва тайёргарлик бериш керак.
Ислоҳот – жазо билан эмас, қўллаб-қувватлаш билан амалга ошади.
Устозлар эса — тизимнинг қурбони бўлмаслиги керак.