Иссиқхоналар банклар балансига ўтмоқда. Сенатор вазирдан жавоб талаб қилмоқда

Улашиш:

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 120 гектардан ортиқ иссиқхона майдонлари банклар тасарруфига ўтиб улгурган. Бу ҳолат соҳадаги муаммоларни янада долзарб қилаётгани сабаб, Сенатор Анвар Тўйчиев Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновга расмий сўров йўллади.

Сенаторнинг таъкидлашича, иссиқхоналарнинг оммавий равишда банк балансига ўтиши иш ўринларининг қисқариши ва умумий самарадорликнинг пасайишига олиб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат барқарор молиявий механизмлар йўқлиги, энергия ва сув таъминотидаги узилишлар, шунингдек, юқори кредит фоизлари билан боғлиқ.

Шу муносабат билан, Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан 2020–2024 йилларда ташкил этилган иссиқхона хўжаликларининг сони ва ҳозирги ҳолати, молиялаштириш схемалари, табиий ресурслар билан таъминлашдаги муаммолар, агротехнологиялар ва экспорт салоҳиятига оид аниқ маълумотлар сўралди.

Сенатор бозорда соғлом рақобат муҳитини яратиш, маҳсулот сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда илмий асосланган ечимларни амалиётга жорий этиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, фермерларга уруғчилик ва агрокимё хизматларини йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифа сифатида тилга олинди.

Эслатиб ўтамиз, давлат ҳукумати экологик тоза иссиқхона технологияларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Экспорт мажбуриятини бажарадиган, экологик стандартларга жавоб берадиган хўжаликларга субсидия, имтиёзли кредит ва газ таъминотида устуворлик берилади.

Сенаторнинг бу мурожаати иссиқхона соҳасини аниқ таҳлил қилиш ва уни молиявий инқироздан чиқариш зарурлигини яна бир бор кун тартибига олиб чиқмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.