Ўзбекистон чиқиндидан энергия оладиган заводлар қурмоқда: ҳар бир ҳудудга — камида битта, Тошкентда — иккитаси ишга тушди

Улашиш:

14 август куни Президент Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш ва энергия олиш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Мамлакатда йилига қарийб 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади, аммо уларни қайта ишлаш даражаси ҳозирча 5 фоиздан ошмаган. Шу боис чиқиндиларни ёқиш орқали иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хитойлик инвесторлар иштирокида олти вилоятда шундай заводлар қурилади, давлат эса чиқинди утилизацияси учун тўлов ҳамда ҳосил бўлган энергияни сотиб олишни кафолатлайди.

Яқинда Тошкент шаҳрида тиббий чиқиндиларни ёқиб, иссиқлик оладиган икки корхона ишга тушди, Самарқандда яна иккиси, қолган ҳудудларда эса биттадан завод қурилиши мўлжалланган. Сўнгги уч йилда соҳани ривожлантириш учун 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, чиқинди корхоналари учун 1 200 та янги техника олиб берилди, маҳаллаларда чиқинди майдончалари қурилди.

Санитар-тозалаш ва қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз қилиб белгиланди, техника ва ускуналар импорти бождан озод этилди. Натижада 200 га яқин санитар-тозалаш ва 290 та қайта ишлаш корхоналари очилди. Маиший чиқиндиларнинг тўртдан бири қоғоз, пластик, резина, шиша ва тўқимачилик қолдиқларидан иборат бўлиб, уларни қайта ишлаш орқали йилига қарийб 1 триллион сўмлик маҳсулот олиш мумкин.

Чиқинди ташиш хизматлари сифатини ошириш мақсадида техника ҳаракатини онлайн кузатиш тизими жорий этилади, маҳаллар ва ижтимоий муассасаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур амалга оширилади. Экологик маданиятни эса боғча ва мактабдан бошлаб шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.