Президент: 2030 йилгача Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш мумкин

Улашиш:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда камбағалликка қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, 2030 йилга қадар мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш имконияти мавжудлигини маълум қилди.

Президент таъкидлашича, сўнгги йилларда “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилиб, ҳар бир хонадон ва оила билан индивидуал режа асосида иш олиб борилмоқда. Бунинг учун давлат томонидан катта молиявий ресурслар йўналтирилмоқда: ҳар йили маҳаллаларни обод қилиш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга 2,5–3 миллиард доллар ажратилаяпти.

Қишлоқ жойларда аҳоли даромадини ошириш мақсадида 235 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига 30–50 сотихдан ер ажратиш тизими жорий қилинди. Шу орқали 800 минг нафар фуқаронинг даромади кўтарилган. Шунингдек, етакчи тадбиркорлар билан ҳамкорликда томорқаларда сердаромад экинлар етиштирилиб, кафолатли харид тизими йўлга қўйилди.

“Ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борди. Ўзбекистон ўз олдига 2030 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш мажбуриятини олган эди. Бу вазифани биз белгиланган муддатдан олдин амалга оширишга ҳаракат қилаяпмиз”, — деди Президент.

Ҳозирда мамлакатда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилмоқда. Дастурда еттита устувор йўналиш белгиланган бўлиб, асосий эътибор аҳолини вақтинчалик ишга эмас, балки доимий иш ўринлари орқали барқарор даромад манбасига эга қилишга қаратилган.

Сўнгги саккиз йилда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиши натижасида 700 минг тадбиркор ўз бизнесини ривожлантирди. Фақат жорий йилнинг ўзида давлат ва тадбиркорлик ҳамкорлиги орқали 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий иш билан таъминланган.

Камбағалликка қарши курашишда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ислом тараққиёт банки билан 5 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Бу лойиҳалар қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, йўл қурилиши, тиббиёт ва таълим хизматларини кенгайтиришга қаратилган.

Фактчекинг нуқтаи назаридан, президентнинг бу баёноти сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорлик дастурлари билан уйғунликда эканини кўрсатади. Халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистонда камбағаллик даражаси сезиларли даражада пасайганини қайд этишган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.