Ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ошкор қилиш ҳам жиноят ҳисобланади(ми)

Улашиш:

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, ўз навбатида, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, мавжудларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади.

Ҳозирги кунга қадар процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган бўлса-да, қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган эди. Шу муносабат билан ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурияти юзага келган эди.

Ўзбекистон Республикасининг 2025-йил 26-сентабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1084-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига,  Иқтисодий протсессуал кодексига, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ва Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, мазкур Қонуннинг 1-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига ўзгартириш киритиш белгиланиб, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик мажбурияти ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан уларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Маълумот учун, ушбу турдаги жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликнинг белгиланиши суд процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотлари ҳамда тафсилотлари ошкор этилишининг олдини олишга хизмат қилади. 

С. Рахмонов Жиззах вилоят  маъмурий  судининг раиси      

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.