ДХА муносабати: ФҲДЁ бўлимларида сунъий навбатлар пайдо бўлиши кутилган эди

Улашиш:

Бугун телеграмдаги “Jizzaxliklar” каналида ФҲДЁ органларидаги навбатлар акс этган фотосурат ва унга билдирилган изоҳ жойлаштирилди.

Барчамизга маълумки, 2020 йилнинг 15 августига қадар Махсус комиссиянинг қарорига кўра юртимизда карантин қоидалари узайтирилган эди. Шу вақт оралиғида шаҳар ва туман ФҲДЁ органлари томонидан фақатгина энг зарур хизматлар туғилиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилди. Никоҳни расмийлаштириш ва бошқа фуқаролик ҳолати билан боғлиқ масалалар эса карантин қоидалари юмшатилиши муносабати билан кейинга қолдирилди.

Бугун 17 август куни нафақат Жиззах шаҳрида балки бошқа туманлардаги ФҲДЁ бўлимларида сунъий навбатлар пайдо бўла бошлади. Бу табиий! Чунки ҳам ҳафтанинг боши, ҳам карантин қоидалари юмшатилиши ортидан тўй ўтказишни режалаштирган фуқаролар ФҲДЁ бўлимларига оқиб кела бошладилар. Бундай бўлиши албатта кутилган бўлса-да, барибир ФҲДЁ органлари қўшимча босим билан ишни ташкил этишларига сабаб бўлди.

Жиззах шаҳар ФҲДЁ бўлими биносида фуқаролик ҳолатларини қайд этиш билан бирга нотариус ҳамда коммунал тўловлар учун махсус касса ҳам фаолият юритмоқда. Бу навбатда турганларнинг барчаси ҳам ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди дегани эмас. Қолаверса, карантин қоидалари юмшатилди дегани, карантин тугаганини билдирмаслигини ҳам эслатиб ўтамиз. Шу сабабли ташриф буюрган фуқаролар марказ биносига карантин қоидалари асосида, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда киритилмоқда.

Турли тушунмовчиликларни олдини олиш учун фуқароларга эслатиб ўтамиз!

Ҳозирда ФҲДЁ органларига никоҳланувчилар онлайн тартибда ариза топширишлари мумкин. Бунинг учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали “Никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁ органига ариза юбориш” хизматидан фойдаланилади. Эслатиб ўтамиз бу хизматдан фойдаланишда электрон рақамли имзо калити талаб қилинади.

 

Карантин қоидаларига риоя қилинг, ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига бефарқ бўлманг!  

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.