2016 йилдан буён заводга раҳбарлик қилиб келган Рустам Ражабов лавозимини тарк этди, унинг ўрнига швециялик Бу Андерссон тайинланди.
«Ўзавтосаноат» АЖ швециялик Бу Инге Андерссонни ўзининг энг йирик корхоналари – UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain акциядорлик жамиятлари бош директори этиб тайинлагани ҳақида хабар қилди.
1955 йилда туғилган Бу Андерссон фаолиятини 1987 йилда Швециянинг Saab Automobile AB компаниясида бошлаган, 2001-2009 йилларда General Motors’нинг глобал харид бўлинмасига раҳбарлик қилган. У Россия автомобилсозлик саноатида ҳам кўп йиллар мобайнида самарали фаолият кўрсатган, 2009-2013 йилларда «Группа ГАЗ» корхонасига президент бўлган, 2014-2016 йилларда «АвтоВАЗ» ОАЖга президентлик қилган.
2017 йилдан буён эса энг йирик автомобил бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Yazaki Europe, Africa, North & South America корпорациясига раҳбарлик қилиб келаётганди.
«Бу Инге Андерссон МДҲ мамлакатларидаги автомобил концернларини бошқариш ва инқирозлар даврида эришган муваффақиятлари ва катта тажрибаси UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain компанияларига яримўтказгичлар танқислиги ва логистика муаммолари билан боғлиқ глобал инқирозларни энг кам йўқотиш билан енгишга, ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизациялашнинг янги йўналишини эгаллашга имкон беради», дейилади компания матбуот хизмати хабарида.
UzAuto Motors’га (аввалги GM Uzbekistan) 2016 йилдан бери Рустам Ражабов бош директор ҳисобланарди. Унинг ишдан кетиши сабаби расман маълум қилинмаган.
Маълумот учун, UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain Ўзбекистон автомобилсозлик саноатидаги давлатга қарашли «Ўзавтосаноат» АЖнинг йирик шуъба корхоналари бўлиб, General Motors билан техник лицензия шартномаси асосида Chevrolet енгил автомобилларини ишлаб чиқаради.
Компания матбуот хизмати қайд этишича, 2018 йилдан бошлаб UzAuto Motors йирик трансформация жараёнини бошдан кечириб, зарардан барқарор фойда келтирадиган бизнесга айланди. 2020 йилдаги пандемияга қарамасдан, UzAuto Motors ўз ишлаб чиқаришини 281 минг дона автомобилга ўстиришга эришган.
2020 йилдан буён «Ўзавтосаноат» Boston Consulting Group билан ҳамкорликда ўзининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиб, 2021 йил апрелида қўшма трансформация офисини ташкил этган.