Ўзбекистон - БАА жамоасини 5-1 ҳисобида "янчиб" ташлади

Поделиться:

 Таиландда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда. Бангкокда ўтган чорак финал баҳсида Ўзбекистон БААни йирик 5:1 ҳисобида мағлуб этиб яримфиналга чиқди.

Ўйинни БАА жуда фаол бошлади. 32-сониядаёқ улар Неъматов дарвозаси томон аниқ зарба йўллашди ва «Насаф» посбони сейв қилишига тўғри келди. 2-дақиқада Халфан ал Ҳаммади дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бориб узоқ бурчакка зарба йўллади, бу гал Абдувоҳид оёқлари билан тўпни қайтарди.

Ўзбекистон илк хавфли вазиятини 4-дақиқада амалга оширди. Жасур Яхшибоевнинг узатмасини Бобур Абдухолиқов бош билан дарвозага йўллади, аммо дарвозабон тўпни қайтарди. Қарши ҳужумни БАА ҳужумчиси Зайд ал Амири зарба билан якунлади ва бу гал ҳам Неъматов тўпни ушлаб олди.

8-дақиқада Жасур Яхшибоев бир неча нафар БААлик футболчини алдаб ўнг оёқда дарвоза томон ноаниқ зарба йўллади. 14-дақиқада ўйинда ҳисоб очилди. 7-рақамли Зайд ал Амири дарвозабон билан бирга-бир чиқиб олис бурчакни аниқ нишонга олди.

16-дақиқада Ўзбекистон ҳисобни тенглаштирди. Ойбек Бозоров жарима майдончаси яқинида ҳимоячини алдаб тўпни Илҳом Алижоновга ташлаб берди, чап қанот ҳимоячиси кучли зарба билан тўпни узоқ бурчакка йўналтирди, тўп устунга тегиб дарвозадан жой олди.

26-дақиқада Ўзбекистон ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ойбек Бозоровни ҳимоячилар жарима майдончаси ичида қўполлик билан тўхтатиб қолишди ва ҳакам VARни кўргач пенальти белгилади. Пенальтини Ислом Қобилов голга айлантирди. 28-дақиқада Бобур Абдухолиқов фарқни ошириши мумкин эди. Азиз Ғаниев ўнг қанотдан олдинга бориб супер узатмани амалга оширди, аммо Бобурнинг ҳавода сакраб берган зарбаси ноаниқ бўлди.

36-дақиқада БАА жуда хавфли ҳужумлар сериясини амалга оширди. Аввалига жарима зарбаси, кейин эса кетма-кет иккита бурчак зарбасини ҳимоячиларимиз қийинчилик билан бартараф этишди. 41-дақиқада мусобақа кашфиёти бўлаётган Ойбек Бозоров 30 метрлар чамасидан супер зарба билан олис бурчакни аниқ нишонга олди.

71-дақиқада БАА хавфли ҳужумни амалга оширди. Ўнг қанотдан амалга ошган ҳужум яқин бурчакка берилган ноаниқ зарба билан якунлади. Қарши ҳужумда эса Жасур Яхшибоев супер юришни амалга оширди. Дарвозабонни ҳам алдаган Жасурнинг берган зарбасини ҳимоячи қайтарди.

83-дақиқада Азиз Ғаниев ўткир бурчакда бўлишига қарамай 30 метрлардан жарима зарбасини тўғри дарвозага йўллади. Тўғри тўққизликка бораётган тўпни дарвозабон қайтарди. 84-дақиқада ҳисоб янада йириклашди. Жасур Яхшибоев Нуриллу Тўхтасиновнинг узатмасини голга айлантирди — 1:4. Ўйиндаги охирги голни Нурилло Тўхтасинов урди. У 90+4-дақиқада якуний нуқтани қўйди — 1:5.

Шу тариқа Ўзбекистон ғалаба қозониб кейинги босқичга йўлланма олди. Ярим финалда вакилларимиз Саудия билан ўйнашади. Бу ўйин ғолиби Олимпиадага йўлланма олади.

Осиё чемпионати-U23
Чорак финал

БАА — ЎЗБЕКИСТОН 1:5

Таиланд, Бангкок. «Ражамангала» стадиони.
Голлар: Зайд ал Амири (13) — Илҳом Алижонов (16), Ислом Қобилов (26, пенальти), Ойбек Бозоров (41), Жасур Яхшибоев (84), Нурилло Тўхтасинов (90+4).
БАА: Муҳаммад Ҳасан ал Шамси, Муҳаммад Али ал Маҳри, Ҳалифа Муборак ал Ҳаммари, Мажид Иброҳим Салим (Муҳаммад Умар ал Аттас, 46), Зайд Абдулла ал Амири, Али Солиҳ Амро, Абдулла Рамада Бекҳит, Халфан Ҳасан ал Ҳаммади, Яҳё Нодир ал Шариф (Яҳё Али ал Гассани, 70), Мажид Рашид ал Меҳрзи, Саид Али Суваидан.

Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Ислом Қобилов, Ҳожиакбар Алижонов (Дилшод Саидов, 88), Абдулла Абдуллаев, Азиз Ғаниев, Жасур Яхшибоев, Бобур Абдухолиқов, Илҳом Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Санжар Қодирқулов (Достон Ибрагимов, 76), Ойбек Бозоров (Нурилло Тўхтасинов, 65).

2023 GrandMedia. Все права защищены.