Жиззахдаги 191 минг 240 тонна дон - ёпиқ сиғимларга жойланди

Улашиш:

Жиззах вилоятида бу йил ҳам ғалладан мўл ҳосил етиштирилиб, давлат хирмонига ошиғи билан дон топширган заҳматкаш фермерлар ва кластер эгаларининг юзлари ёруғ бўлди.   

Вилоятдаги ғалла ўрим-йиғим даврида давлат хирмонларига қабул қилинган доннинг 191 минг 240 тоннаси “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи 3 та “Дўстликдонмаҳсулотлари” АЖ, “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖ ва “Зарбдор элеватори” АЖ корхоналари ва уларга қарашли шаҳобчаларнинг очиқ майдонларига қабул қилинган эди. Табиийки, ўрим-йиғими мавсуми қанчалик долзарб аҳамиятга эга бўлса, уни исроф қилмасдан, иссиқ кунларда ёпиқ жойларга саранжомлаш ҳам масъулиятли юмуш ҳисобланади.

2021 йилнинг 3 июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида айнан шу масала кўриб чиқилиб, ҳукуматимизнинг “Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссиясининг йиғилиши тўғрисида”ги 54-сонли йиғилиши баёнида очиқ майдонларга қабул қилинган донларни ёпиқ сиғимларга киритиш муддати жорий йилнинг 10 сентябргача белгилаб берилганди. Ушбу топшириқларни ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси зиммасига юклатилган.

Бу борада “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ёпиқ сиғимга киритилиши бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан кунлик маълумотлар юритилиб, дон қабул қилиш масканларининг очиқ майдонларига қабул қилинган  донларни муддатидан олдин тўлиқ ёпиқ сиғимларга киритилиши таъминланди. Шу орқали деҳқонларининг машшақатли   меҳнатлари ва пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолиб, нес-нобуд бўлишининг олди олинди. Қолаверса, ёпиқ сиғимларда сифатли сақланаётган дон ҳалқимиз дастурхонига сифатли ун ва нон бўлиб етиб боради.

 

Жаҳонгир Уташев

         “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят

                                                  бошқармаси катта инспектори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.