4-сектор раҳбари Бахмал туманининг Бунёдкор маҳалласида сайёр қабул ўтказди

Улашиш:

Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари масъуллигида жорий йилнинг октябрь ойида Ғаллаорол, Зарбдор ва Бахмал туманларида сайёр қабуллар ташкил этилди. Ушбу қабуллар давомида фуқароларни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган масалаларга ечим топилмоқда. 

Бахмал туманининг Бунёдкор маҳалласида ташкил этилган сайёр қабулда фуқаролар нафақага чиқиш, бандлик, коммунал тўловлар, мол-мулк ва ер солиғи, талабаларнинг контракт пуллари учун кредит расмийлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ажратишда кўмаклашиш, қишлоқ йўлларини ободонлаштириш, электр таъминотини яхшилаш мақсадида бетон таянч устунлари етказиб бериш, ҳудудда жойлашган туман ХТБга қарашли 77-мактаб биносига қўшимча корпус қуриш каби қатор масалалардаги мурожаатлари қабул қилинди.

 

 

Бошқарма бошлиғи 1 ҳафта ичида қанча миқдорда симёғоч кераклиги аниқлангач “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси ходимлари билан бирга уни етказиб бериш ва ўрнатиш ишлари бошланишига ваъда берди. Шунингдек, йўлларни таъмирлаш ва шағаллаштириш ишлари вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кўмагида амалга оширилиши айтиб ўтилди. 1 нафар фуқаронинг солиқлардан қарзи туман давлат солиқ инспекцияси кўмагида сўндирилиши юзасидан тегишли кўрсатма бериб ўтилди. Мактаб биносини қуриш ишлари келгуси йил давлат дастурига киритилиши юзасидан тушунтириш бериб ўтилди.

Жорий йилнинг июль ойида туман марказидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган сайёр қабулда 2 нафар хотин-қизларга 4-сектор кўмагида тикув машиналари олиб берилиши ваъда қилинган эди. Шу куни бошқарма бошлиғи сайёр қабул якунлангач, тумандаги Шодлик маҳалласида истиқомат қилувчи Зулайфа Ғаниева хонадонига ташриф буюриб, унинг оилавий шароити билан танишди ва туман масъуллари иштирокида тикув машинасини топширди.

 Шундан сўнг масъуллар “Ўсмат” ШФЙда истиқомат қилувчи Ирода Абдуллаеванинг мурожаатига асосан унинг хонадонида бўлиб, унга ҳам тикув машинасини топширдилар. Эндиликда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи бу хотин-қизлар шу тикув машиналари орқали якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишади.

Ҳозирда ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларни якка тартибда тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш каби амалий ишлар жойларда давом этмоқда.

 

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.