Коррупцияга қарши ҳалоллик иммунитетини оширайлик

Улашиш:

Ўз мансаб ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, ундан шахсий ёки ўзгалар манфаатларини кўзлаб моддий ёхуд номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.Мавзуга кўзи тушган ҳар бир инсон гап нимада эканлигини англаб етади. Ҳа, кўриб турганингиздай гап яна коррупция ҳақида кетмоқда.

Бу борада белгиланган дастур ва режалар, жойларда тушунтириш ишлари олиб бориш, учрашув ва давра суҳбатлари ҳамда бошқа таъсирчан тадбирлар амалга оширилаётган бўлишига қарамай коррупция томирини бутунлай қирқиб ташлашга муваффақ бўлмаяпмиз. Мамлакатимизда коррупциянинг таг томири билан йўқотиш шунчалик аҳамиятли масалаки, буни давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 апрелда қабул қилган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ФП-71 Фармонидан ҳам кўриниб турибди.

Парламентнинг ролини тубдан ошириш мақсадида фармоннинг 3-бандида Олий Мажлис палаталарига муҳим таклифлар билдирилган. Жумладан:

“(а) ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;

(б) вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартибни қонун ҳужжатларида белгилаш;

(в) халқаро тажрибани ўрганиб, кибермаконда коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

(г) масъул идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузган ҳолда «жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги» давомида ҳар ойнинг 1 — 5 саналарида режа асосида «қизил» тоифадаги маҳаллаларга тушиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш, туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар бериш ҳамда туман (шаҳар) ва маҳаллаларда илгари сурилган халқчил ташаббуслар асосида қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш” вазифалари белгилаб берилган. Бу вазифалар, албатта халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлар фаолиятига ҳам бевосита тааллуқлидир. 

Президент фармони асосида лавозимга тайинланаётган шахслар билан суҳбатларда унинг коррупцион ҳолатларга муносабати, танланган кадрнинг шахсий мафаатдорлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик ҳақидаги тушунчалари ҳам ўрганилади. 

Коррупциянинг энг катта зарари ислоҳотларга тўсиқ бўлаётганлигидир. Таниш-билишчилик, олди-берди, шахсий манфаати йўлида виждон, иймондан кечиш, бойликка эга бўлиш учун қонунларни босиб ўтиш каби иллатлар бошқалар назарида мамлакатимиздаги янгиланишлар, ислоҳотлар самамараси ўлароқ ижобий ўзгаришларни нурсизлантириб қўймоқда. Бу ҳар қандай моддий зарардан ҳам даҳшатлидир. Бундай ҳолатлар одамларда келажакка, ислоҳотларга, давлат ҳокимият органлар ига нисбатан ишончсизлик уйғотади. Шунинг учун коррупцияга қарши ҳалоллик иммунитетига эга инсонлар,   аввало депутатлар қўлни қўлга бериб курашиши зарур.

Нодира КАРИМОВА,

Халқ депутатлари Жиззах вилояти 

Кенгаши котибият мудири.                                                                                                                                                                          

 

 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.