Тошкентда боланинг эҳтимолий ўғирланишига оид маълумотлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Маълумотни мактаб ўқувчисининг қариндоши ошкор қилган. Бу гал воқеа пойтахтнинг Яккасарой туманида юз берган.
Аёл мактаб ўқувчиси тушиб қолган ғайриоддий вазият ҳақида сўзлаб берган. Кечки пайт бир кекса аёл боладан сумкани уйгача олиб боришни илтимос қилган. Содда ва тарбияли 9 ёшли болакай дарров ёрдам беришга киришган. Кекса аёл билан биргаликда қоронғу жойга бориб қолганида, бола эшиги очиқ бўлган автомобиль ёнида турган эркакни кўриб қолган. Энг даҳшатлиси – унинг қўлида пичоқ ҳам бўлган.
Боланинг қочиб кетмоқчи эканлигини пайқаб қолган аёл дарров унинг қўлидан ушлаб олган. Аммо бола сумкаларни ерга ташлаб, аёлнинг қўлидан қаттиқ урган ва қочиб кетган. Воқеа ўтган ҳафта жума куни 17 февралда юз берган.
Аёлнинг маълум қилишича, ўша боланинг оиласи мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилган.
Таъкидлаш лозимки, болаларнинг ўғирланиши билан боғлиқ ҳолат биринчи марта ижтимоий тармоқларда учраётгани йўқ. Кеча номаълум эркак боланинг қўлидан ушлаб олиб, уни мажбуран саволга тутгани ҳақида ёзган эдик. Бу ҳодиса 20 февраль куни соат 13-00да Яшнабод тумани Авиасозлар-2 массивида жойлашган 151-сонли мактаб ёнида юз берган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари ўша эркакни тезда топишган. У 1994 йилда туғилган ва тиббиёт соҳасида ўқиётган, айни дамда ТАПОиЧда ишлаётган Умирзоқов Миржалол бўлиб чиққан.
Юқорида тилга олинган икки нафар ўғил боланинг бахти чопиб, соғ-омон қолишган. Минг афсуски, 12 ёшли Муслима Расулхўжаева зўравон ва қотил чангалидан қутила олмаган. У Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги 3-сонли мактабда таҳсил олар эди. Ишонувчан қизалоқ мактабдан қайтаётган бўлган. Ҳеч нарсадан гумон қилмаган бола қўшни эркакнинг гапига кириб, унинг ортидан борган. Кўп вақт ўтмай, у зўрланган ва ўлдирилган ҳолатда топилди.