News time: Хитойда ишга тушган лойиҳалар, порахўр прокурор ва ишдан кетган Шукрулло домла

Улашиш:

1 июндан тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар тақдим этадиган дастур амалга оширилади

Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури амалга оширилади. Дастурга 2023−2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Унда иштирок этадиган тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар берилади.

Президент сайловини ўтказиш учун 174,1 млрд сўм ажратилди

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 млрд 130 млн сўм этиб тасдиқлади. Сиёсий партияларга жами 19 млрд 655 млн сўм, ҳар бир номзодга эса 4 млрд 914 млн сўмдан ажратилади.

Шавкат Мирзиёев жами 3,3 млрд долларлик 15 та лойиҳани ишга туширди

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, 3,3 млрд долларлик 15 та лойиҳани — автомобиль ва электромобиллар, металл маҳсулотлари, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ва бошқа қувватларни ишга туширди ва янги корхоналар қурилишига старт берди. Шунингдек, у Хитой бизнеси вакиллари билан ҳам учрашди.

МСК 5 та партиянинг сайловда қатнашишига рухсат берди

Душанба куни Марказий сайлов комиссияси 5 та сиёсий партия — ХДП, ЎзЛиДеП, «Адолат», Экологик партия ва «Миллий тикланиш» партияларига 9 июлдаги муддатидан аввалги президент сайловида қатнашишга ижозат берди. Улар 1 июнгача ўз номзодини рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Ўзбекистон 2030 йилга бориб сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиши мумкин

МҲТИ экспертлари Ўзбекистонда сув танқислигини қурғоқчил ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги тармоғига қандай таъсир кўрсатишини ўрганди. 2030 йилга бориб мамлакатда 7 млрд куб метр сув танқислиги кузатилиши мумкин. Натижада Ўзбекистон сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор.

ОТМларга кириш имтиҳонлари яна ёпиқ биноларда ўтказилади

Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди. Пандемия туфайли жараён 3 йилдан буён очиқ ҳавода ташкил этилаётганди. Май ойи бошида ЖССТ коронавирус глобал фавқулодда ҳолат мақомини йўқотганини маълум қилган.

Ўзбекистоннинг учта вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида шифохоналар қурилади

Ўзбекистонда Халқаро молия корпорацияси ҳамкорлигида Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида давлат-хусусий шериклик негизида учта шифохона қуриш режалаштирилган.

Ўзбекистонда ЕТТБ маблағлари асосида 15 та мактаб қурилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида 15 та мактаб қуриш бўйича келишувга эришди. Лойиҳанинг капитал қиймати 55−75 млн долларни ташкил этади.

UzAuto Motors Cobalt ва Lacetti нархларининг ошишини рад этди

Тармоқларда 1 июндан Damas, Labo, Cobalt ва Lacetti автомобилларининг янгиланган версиялари тақдим этилиши, Cobalt ва Lacetti нархи 20−23 минг долларгача кўтарилиши ҳақида хабарлар тарқалди. UzAuto Motors ушбу маълумотлар ёлғон эканини билдирди.

ДХХ тўртта вилоятда ноқонуний ер сотишда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олди

ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан шуғулланган мансабдор шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари очилди.

Шукрулло Эгамбердиев Тошлоқ тумани бош имомлигидан бўшатилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошлоқ тумани бош имоми Шукрулло Эгамбердиевни лавозимидан озод қилди. Идоранинг маълум қилишича, бунга унинг сўнгги 6 ой давомида аҳолининг норозилигига учраган видеолари сабаб бўлган.

Жиззах вилоятида бўлим прокурори $1,3 минг пора олгани айтилмоқда

Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори жиноят иши қўзғатишни рад этганини иддао қилиб, «хизмати» учун тадбиркордан 1300 доллар сўраганликда гумонланмоқда, у пулларни олган вақтида ушланди. Шунингдек, ДХХ Андижон вилоятида ҳам пора олганликда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олди.

Самарқандда эркак хотинидан қасд олиш учун 2 ўғлини бўғиб ўлдирди

Тойлоқ туманида эркак хотинидан қасд олиш учун 6 ва 8 ёшли ўғилларини сим билан бўғиб ўлдирди. Воқеага Россияга ишлашга кетган хотинининг бегоналар билан ишқий муносабатда бўлгани акс этган видеолар сабаб сифатида келтирилмоқда.

Диний қўмита Ўзбекистонда материаллари тарқатилиши тақиқланган саҳифалар рўйхатини эълон қилди

Дин ишлари бўйича қўмита экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган ва Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган Telegram, YouTube каналлар, Facebook, Instagram, TikTok саҳифалар, сайтлар, китоблар ва нашидалар рўйхатини эълон қилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.