Иқлим ўзгариши оиладаги зўравонликка таъсир қиладими?

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси «Еkolog» жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Жиззах вилоятининг «Қалб нури» аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда 2023 йилнинг апрель-июнь ойларида Жиззах вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида иқлим ўзгариши таъсирида юзага келган гендер асосидаги зўравонликни аниқлаш бўйича сўровнома ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўтказилган сўровда 16 туман ва Нукус шаҳридан 123 нафар аёллар иштирок этишди. Улардан 49 нафари ногиронлиги бўлган хотин-қизлардир. Жиззах вилоятида (12 туман ва Жиззах шаҳри) 170 нафар хотин-қизлар сзровномада қатнашиб, уларнинг 36 нафари ногиронлиги бўлган аёллардир.

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 72 фоиз, Жиззах вилоятида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 87 фоизи иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар оиладаги зўравонликка таъсир кўрсатишини билдиришди. Респондентлар «Атроф-муҳит муаммолари оиладаги зўравонликка таъсир қиладими?», «Атроф-муҳит муаммолари туфайли зўравонликка дуч келдингизми?», «Экологик муаммолар ва оиладаги зўравонлик ўртасида боғлиқлик борми?», «Глобал иқлим ўзгариши натижасида ҳароратнинг ошиши зўравонликни келтириб чиқарадими?, «Ҳавонинг ифлосланиши ва чанг бўрони натижасида қандай муаммоларга дуч келасиз?», «Дарахтларнинг кесилиши сизга қандай таъсир қилди?»,«Тупроқ шўрланиши натижасида оилангиз қандай қийинчиликларга дуч келмоқда?» каби саволларга жавоб беришди.

Сўровнома натижасига кўра Нукус (Қорақалпоғистон Республикаси) ва Жиззах шаҳарларида давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокида «Давра суҳбат»лари ўтказилиб, унда иқлим ўзгаришининг оиладаги зўравонликка таъсирини олдини олиш бўйича ҳудудга мос тавсиялар ишлаб чиқилди. «Давра суҳбат»ларида Жўқорғи Кенгес, ҳокимлик, давлат органлари, хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура, партиялар, Ногиронлар жамияти вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, прокуратура, ҳуқуқ- тартибот органлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида ўтказилган сўровнома натижалари бўйича Ўзбекистон гендер тенглиги комиссиясига давра суҳбатлари иштирокчилари томонидан ишлаб чиқилган тавсияларни ўз ичига олган хат тайёрланди.

Наргис Қосимова

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.