Сенат: Алимент ундириш тизими ислоҳ қилиниши шарт — ишсизлар, очилмаган ҳисоблар ва қонунбузарликлар кўпаймоқда

Улашиш:

Сенат Вазирлар Маҳкамасига алимент тўлаш ва ундириш соҳасидаги тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича парламент сўровини йўллади. Ҳужжатда алимент олишда юзага келаётган қийинчиликлар, амалдаги механизмларнинг самарасизлиги ва ҳал этилиши зарур бўлган масалалар қайд этилган.

Асосий муаммолар:

1. Алимент жамғармаси пуллари қайтарилмаяпти

2024 йилда жамғарма орқали 40,6 млрд сўм тўланган, аммо фақат 2% — 849 млн сўмигина давлат бюджетига қайтарилган. Механизм ишламаяпти.

2. Болалар номида ҳисобварақлар очилмаяпти

Қонунга кўра, алимент пуллари бола номига очилган банк ҳисобида жамланиши керак. Амалда эса техник ва ҳуқуқий механизмлар мавжуд эмас.

3. Минглаб қарздорлар ишсиз

2024 йилда 25 мингдан ортиқ қарздор ишсиз деб қайд этилган. Улардан фақат 8,2 минг нафари ишга жойлаштирилган. Доимий даромад манбаи йўқлиги туфайли алимент тўлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

4. Қонунбузарликлар ортиб бормоқда

2023 йилда 5,6 минг, 2024 йилда 8,8 минг қарздор маъмурий жавобгарликка тортилган. 1,1 минг иш жиноий ҳукм билан якунланган. 35% ўсиш қайд этилган.

5. Хориждан алимент ундириш механизми йўқ

Ўзбекистон ҳалигача Гаага конвенциясига қўшилмаган. Шу боис хориждаги ота-оналардан алимент ундириш жуда мураккаб.


Нима ишлар қилинди?

  • Қарздорларнинг хорижга чиқиши чекланган;

  • Алимент жамғармасига 50 млрд сўм йўналтирилган;

  • 2024 йилда жами 2,1 трлн сўм алимент ундирилган;

  • 46,3 млрд сўм аванс тўловлари қилинган;

  • 13 минг оила яраштириш хизмати орқали сақлаб қолинган.


Сенат қандай таклифлар берди?

  • Болалар номига шахсий банк ҳисобларини очиш механизмларини яратиш;

  • Гаага конвенциясига қўшилиш жараёнини жадаллаштириш;

  • Ишсиз қарздорларни ишга жойлаштириш дастурларини кенгайтириш;

  • Алимент жамғармаси маблағларини қайтариш бўйича самарали механизм ишлаб чиқиш;

  • Ахборот тизимларини Молия вазирлиги ғазначилиги билан интеграция қилиш.


Энди масъулият Вазирлар Маҳкамасида — ҳукумат Сенат таклифлари асосида аниқ чоралар режасини тақдим этиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.