Тоғли Қорабоғда уруш тугагани эълон қилинди. Ереван бир нечта туманларни Бокуга беришга рози бўлди

Тоғли Қорабоғда уруш тугагани эълон қилинди. Ереван бир нечта туманларни Бокуга беришга рози бўлди

Тоғли Қорабоғда уруш тугагани эълон қилинди. Ереван тан олинмаган республиканинг бир қисмини, шунингдек, бир нечта туманларни Бокуга беришга рози бўлди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян уруш тугагани ҳақида Facebookдаги расмий саҳифасида баёнот берди.

«Мен ўзим ва сизлар учун жуда қийин қарорни қабул қилдим.

Мен Россия ва Озарбойжон президентлари билан Қорабоғ урушини соат 01:00 да тўхтатиш ҳақида баёнотни имзоладим. Эълон қилинган баёнотнинг матни шахсан мен учун ва халқимиз учун ниҳоятда оғриқли.

Мен бу қарорга ҳарбий вазиятни чуқур таҳлил қилиб ва ундан яхши хабардор бўлган одамларнинг баҳолашларига кўра қабул қилдим. Шунингдек, қарорим ҳозир пайдо бўлган вазиятда бу мавжуд энг яхши ечим эканлигига асосланган. Буларнинг барчаси ҳақида яқин кунларда батафсил гапириб бераман», — деган Пашинян ўз баёнотида.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков урушни буткул тўхтатиш ҳақида қўшма баёнот имзолаганини тасдиқлади.

«Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва РФ президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ҳақида қўшма баёнот имзолади», деди Песков.

Арманистон бoш вазирининг Қорабоғ урушини тугатиш ҳақидаги баёнотидан сўнг, норозилик намойишлари бошланди. Юзлаб одамлар мамлакат Ҳукумати биносига бостириб киришди.

Тунда Никол Пашинян яна Facebookда жонли эфирга чиқиб, унинг бошқа иложи йўқлигини ва ҳозирча Озарбойжон билан тинчлик битими имзоланишига нима сабаб бўлганини очиқлай олмаслигини айтган.