Ўзбекистон Республикаси президенти «Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Давлат хизматлари агентлиги, Давергеодезкадастр, "Ўзархив” агентлиги, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги бошқа вазирлик ва идораларнинг иши қониқарсиз, деб топилди.

Қуйидагилар кўрсатиб ўтилган вазирлик ва идоралар, давлат хизматларини кўрсатадиган бошқа ваколатли органларнинг биринчи даражали вазифалари этиб ҳисобланади:

давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини янада унификациялаш ва автоматлаштириш мақсадида ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини яратишга ягона технологик ёндашувни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларини жадаллик билан ривожлантириш ва жорий этиш;

вазирликлар ва идораларнинг архив фондини рақамли кўринишга ўтказиш ва тегишли ахборот ресурсларига киришга имконият беришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни янада жадаллаштириш;

ягона давлат реестрига киритилган барча давлат хизматлари бўйича бизнес жараёнларнинг реинжинирингини амалга ошириш орқали давлат хизматларини кўрсатиш жараёнидаги тартиботларни ва уларни кўрсатиш муддатларини тубдан қисқартириш, бланк ва шаклларни сезиларли даражада оптималлаштириш;

давлат хизматларини кўрсатиш жараёнига жалб этилган ходимларнинг ўз лавозим мажбуриятларини сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажаришини таъминлаш, уларнинг масъулиятини кучайтириш, ҳозирги замон талабларига мувофиқ ишлаш кўникмаларини ва маданиятини ошириш, улар ишини объектив баҳолаш механизмларини жорий этиш;

юклатилган вазифа ва функциялардан келиб чиққан ҳолда муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатишда иштироклари бўйича ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан масъулиятларини ошириш;

бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан устувор равишда ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар, маълумотлар базаларини белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, электрон давлат хизматларини жорий этиш учун фойдаланиш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Агентлик замонавий давлат хизматларини жорий этиш масалаларига тегишли равишда ёндашмаётган давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини кўради.

Келгусида давлат хизматларини жорий этишни янада жадаллаштиришни таъминлаш ва уларни кўрсатишдаги заиф томонларни аниқлаш учун қуйидагича тартиб ўрнатилади:

2018 йилнинг 1 июнидан иловадаги рўйхат бўйича давлат хизматлари марказлари томонидан тажриба тариқасида 70-100 турдаги талаб юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатилади;

тажриба тариқасида жорий этиладиган давлат хизматлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати раҳбари томонидан тасдиқланадиган вақтинчалик маъмурий регламентлар қабул қилинади;

тажриба тариқасида жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхати аҳолининг долзарб эҳтиёжлари асосида шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан тасдиқланади;

тажриба тариқасида жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхатига киритилган давлат хизматлари фақат давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади;

давлат хизматларини кўрсатиш тажриба тариқасида жорий этилган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ҳақидаги аризаларни бевосита аризачилардан қабул қилиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июнига қадар давлат хизматларини тажриба тариқасида кўрсатиш натижаларига кўра, мазкур давлат хизматларини кўрсатишни республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш ва давлат хизматлари марказларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда давлат хизматлари марказларини туман (шаҳар)нинг транспорт кесишувлари фуқаролар учун қулай бўлган марказий қисмида жойлашган биноларга, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар биноларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш орқали, кўчириб ўтказишни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига давлат хизматлари марказларининг янги биноларини фақат бюджетдан ташқари манбалардан, айниқса, давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини танқидий ва чуқур ўрганиш, аҳоли орасида сўровлар ўтказиш орқали сифатига нисбатан норозилик келиб чиқаётган давлат хизматларини аниқлаган ва уларни такомиллаштириш бўйича зарур чораларни кўрган ҳолда ҳар чоракда талаб юқори бўлган давлат хизматларини баҳолаб боради.

Белгилаб қўйилишича:

2019 йил 1 январдан бошлаб электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида идоралараро электрон ҳамкорлик амалга оширилаётганда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳамда кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамидан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади;

2018 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги "Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази” ДУКнинг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари ушбу қарорнинг иловасида кўрсатилган давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларга бепул берилади;

Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор, унинг пудратчи (субпудратчи) ташкилотлари ахборот тизимларини, ресурслари, маълумот базалари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказларини зарур аппарат-дастурий комплекслари билан жиҳозлаш ишларини техник ва лойиҳа ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳа ва импорт шартномаларини комплекс экспертизадан ўтказиш маркази” ДУКда тезлаштирилган тартибда келишгандан сўнг амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давергеодезкадастр, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда кейинчалик "Электрон ҳукумат” тизими билан интеграция қилиш мақсадида уч ой муддатда ахборот тизимларидаги жисмоний шахсларнинг манзил маълумотларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва кўчмас мулк объектлари кадастр рақамига боғлаган ҳолда янгилашни таъминлайди.

Давергеодезкадастр:

тегишли аҳоли пунктлари, кўчалар, тор кўчалар ва бошқаларга уникал кодлар берган ҳолда кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантиришни ва юритишни таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда кўчмас мулк объектларининг манзиллари реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда электрон давлат хизматларини кўрсатганлик учун бож, йиғим ва бошқа тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш механизмини жорий этишни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча давлат хизматлари марказлари оптик толали алоқа линияларига уланишини таъминлайди;

2018 йил 1 сентябргача бўлган муддатда телефон орқали келиб тушадиган мурожаатларни сақлаш имкониятини яратган ҳолда қўнғироқларни қайта ишлаш тизимини яратади ва амалга киритади;

Агентлик билан биргаликда 2018 йил 1 декабрга қадар талаб юқори бўлган электрон давлат хизматларини кўрсатиш учун ихтисослашган мобиль илованинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминлайди;

Агентлик билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда ахборот тизимларини, ресурслари, маълумот базалари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказларини зарур аппарат-дастурий комплекслари билан жиҳозлашни таъминлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан бирга уларнинг ахборот ва телекоммуникация тизимлари, маълумотлар базалари, сервер ва бошқа жиҳозларини хатловдан ўтказиб, "Электрон ҳукумат” тизими ва Агентликнинг ахборот тизимларига интеграция қилсин, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни жорий этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг вазирлик ҳузурида энг янги ахборот технологиялари ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган бошқарув ходимлари сони 5 та штат бирлигидан иборат давлат муассасаси шаклидаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Давлат хизматлари марказлари ва бошқа ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб барча ўрта ва касб-ҳунар таълим муассасаларининг охирги курсида (синфида) ёшларнинг зарур билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган "Давлат хизматларидан фойдаланиш маданияти” мавзусида ўқув семинарлари ва очиқ дарсларни ўтказиш амалиёти жорий этилади.