Солиқ соҳасида инқилоб бўладими?

"Солиқ турларини қисқартириш керак. Қўшни мамлакатларнинг солиқ тизимига назар ташласак, 6-7та солиқ тури мавжуд.  Бизнинг мамлакатимизда эса 19та солиқ тури бор…”  Бу ҳақда tasvir.uz сайти қуйидаги мақолани келтирди. 

 

Мутахассисларнинг бу фикрлари қай даражада эътиборга олинмоқда? Яқин кунларда солиқ тизимида чиндан ҳам инқилоб рўй берадими?

Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳавий бошқарув миллий агентлиги билан ҳамкорликда навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Мазкур сессияда Агентлик томонидан тайёрланган солиқ тизимининг концепцияси муҳокамага қўйилди. Муҳокамада юртимизда фаолият олиб борадиган тадбиркор ва ишбилармонлар, молия соҳасида иш юритувчи халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Эртанги кун бугунги бизнесга боғлиқ

"Айни пайтда солиқ соҳасида инқилобга пойдевор қўйилиши кутилмоқда. Бугунги бизнес қандай бўлса, эртанги мамлакат шундай бўлади. Ўзбекистонда турмушимизнинг барча соҳаларини яхшилаш борасида тизимли ислоҳотлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Мамлакатни модернизация қилишнинг асосий йўналишларидан бири эса иқтисодий соҳани, биринчи галда, солиқ тизимини ислоҳ қилишдан иборат”, — деди ХПК раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев муҳокама аввалида.

Унинг фикрича, ўзгаришлар даврида Ўзбекистон солиқ тизими ислоҳоти мамлакатда бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш баробарида давлат бюджетини тўлдириш вазифасини ҳам уддалаши керак.

"Тушунарли, шаффоф ва енгил солиқ ставкалари кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун бизнес юритишни енгиллаштиради. Бу, ўз навбатида, янги бизнес лойиҳаларга туртки бериши, солиқ йиғимларини осонлаштириш керак”, — деди Ш.Қудратхўжаев.

 Тадбиркор ишчиларини нега "яширади”?

"Солиқ тизимининг концепциясини ишлаб чиқаётганимизда нималарга эътибор бердик? Агар биз ялпи ички маҳсулотни таҳлил қиладиган бўлсак, унда кичик бизнеснинг ўрни 50 фоиздан ортиқ эканлигига гувоҳ бўламиз. Бу жуда яхши кўрсаткич. Ривожланган  мамлакатларда ҳам ялпи ички маҳсулотдаги кичик бизнеснинг ўрни 80 фоизни ташкил қилади. Лекин шу билан бирга давлат бюджетига кичик бизнес тушумини ҳисоблайдиган бўлсак, у ҳозирги кунда 7 фоиздан ошмаяпти.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 32 миллион аҳоли бўлса, улардан 13 миллиони ишга яроқли қатламни ташкил қилади. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Яқинда Тошкент шаҳрида озиқ-овқат соҳасида фаолият олиб борадиган корхоналарни ўрганиб чиқдик. Тадбиркорлар ўзларида ишлайдиган ходимлар сонини яширишмоқда. Масалан, ҳисобот бўйича 20та одам ишлаётган бўлса, амалда бориб ўргансак, 60 ёки 80та одам ишлаётганига гувоҳ бўламиз. Бироқ бу масалада фақатгина тадбиркорни айблашга ҳам ҳаққимиз йўқ. Улар ноиложликдан шундай қилишяпти. Ҳозирги кунда тадбиркор қўлида ишлайдиган ходимига 1 миллион сўм ойлик бериши учун 500 минг сўм миқдорда солиқ тўлаши керак. Албатта, бу тадбиркорга оғирлик қилади. Шу боис, ишчиларини яширади. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Яширин ишлаётган одам эртага қариган чоғида нафақага чиққанида давлатдан ижтимоий ёрдам сўрай оладими? Йўқ, сўрай олмайди. Чунки бунга асос йўқ”, — дейди Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев.

Назорат касса машинаси ишлатилмайди   

Мутахассиларнинг таъкидлашларича, тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам назорат касса машинасини ишлатгиси келмаяпти. Чунки бу машинани ишлатадиган бўлса, савдо-сотиқни олиб боришга имкони чекланиб қолади. Шу сабабли концепцияда ягона назорат тизимини яратиш кўзда тутилган.

Шу ўринда иштирокчилар яна бир муаммога тўхталиб ўтишди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 327 мингта юридик шахс фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг ярмида бухгалтерия йўқ. "Ҳисобчинг ким?” десангиз, "Бизда бундай лавозим кўзда тутилмаган”, деб жавоб беришади. Шу сабаб, юридик шахслар орасидаги ҳисоб фактуралари ҳисоботини юритиш учун электрон тизим яратилади.

 Ходимларни овора қилишмоқда

"Солиқ ислоҳотлари жараёнида мен ўзим 3 марта тадбиркорлар билан кўришдим, фикрларини эшитдим. Уларда қўрқув ва ишончсизлик бор, — деди Беҳзод Мусаев. — Ўзбек халқининг тадбиркори жуда кучли, у ҳеч қачон солиқдан қочишни мақсад қилиб яшамайди. Лекин уларга имкон яратиш учун ўйин қоидаларини енгиллатишимиз керак. Солиқ хизматчиларининг ишини бошқатдан кўриб чиқишимиз керак. Битта мисол, ҳаммангизнинг уйингизга солиқ участка нозири келади, мулк ва ер солиғини сўрайди. Бунинг учун ўша ходим бир хонадонга 3 марта боради. Биринчи марта талабномасини тарқатади, кейин илтимос қилиб пул йиғади. Солиқ тўловчиларнинг солиқ маданиятини оширишимиз лозим. Солиқ ундириш учун 25 фоиз ходимларимиз овора бўлишади, бу эса ички тизимимизда иш нотўғри тақсимланганлигини билдиради”.

"Орзулар сари қадам ташланмоқда!”

Зафар Ҳошимов бугунги кунда юртимизда анчагина танилиб қолган тадбиркор. У ўз маърузаси аввалида бугунги кунда юртимизда тадбиркорликка жуда катта эътибор қаратилаётгани боис, ишбилармон юртдошларимиз сафи кенгайиб бораётганидан мумнунлигини таъкидлади.

 "1993 йилдан бери бинес соҳасида ишлаяпман, — дейди Зафар Ҳошимов. —Вақтлар синовида кўп тажрибага эга бўлдим, тадбиркорлар билан тинимсиз мулоқотда бўламан. Ўзбек ишбилармонлари қонунни ҳурмат қилишади. Солиқларни вақтида тўлайдиган тадбиркор хотиржам яшайди-да, ахир. Шуни хурсанд бўлиб айтмоқчиманки, тақдим этилган концепция лойиҳаси Ўзбекистон тадбиркорларининг орзулари сари ташланаётган катта қадамдир. Маърузаларни тинглаб, ўзимча ҳисоб-китоб қилдим, деярли ҳар бир корхона учун жорий этилаётган қўшимча қиймат солиғини тўлашнинг афзалликлари кўрсатилди. Концепцияда бор солиқлар биргаликда ҳисобланганида, 100 сўм савдода 30 сўм пайдо бўлганидагина умумий солиқ юки ошяпти. Лекин шунда ҳам имконият бериляпти.

Шуни айтиб ўтишни истардимки, мазкур солиқ концепциясини ишлаган одамлар чиндан ҳам тадбиркорнинг фойдасини кўзлаганлиги сезилиб турибди. Улар тадбиркорга тўсқинлик қилувчи омилларга барҳам беришни асосий мақсад қилиб олганлиги кўриниб турибди.

Яна бир нарсани айтиб ўтсам, бугунги кунда минтақавий алоқалар кучаймоқда. Юртимиз Буюк ипак йўлининг марказида жойлашганлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Шу боис ота боболаримиз асл тадбиркорлар бўлишган. Минтақавий алоқалар кучаяр экан, тадбиркорлар ҳам бундан ўринли фойдаланишлари шарт. Бунинг учун бизнинг солиқ тизимимиз қўшни давлатлар солиқ тизимига рақобатбардош бўлиши муҳимдир. Қўшни давлатларнинг чегаралари очилиши билан савдо-сотиқ жараёнида ҳам ривожланиш бўлиши табиий. Бироқ истеъмолчилар кўпроқ хориж маҳсулотларини эмас, ўзимизнинг давлатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни харид қилишлари учун астойдил ҳаракат қилишимиз лозим. Шунинг билан биргаликда маҳсулотларни экспорт қилиш борасида самарали натижаларни қўлга киритишимиз жуда муҳим. Бунинг учун эса сифат учун астойдил курашишимиз, меҳнат қилишимиз лозим.

Шунингдек, иш ҳақи масаласида ҳам концепцияда тадбиркорга маъқул келадиган жиҳатлар эътиборга олинган. Тадбиркор ишчисининг қўлига 1 миллион ойлик бериши учун давлатга 758 минг сўмгача солиқ тўлаши керак эди. Янги ҳолатда бу солиқ икки бараваргача каматириляпти. Бу, албатта, ҳар бир тадбиркорга ўзгача шижоат бағишлайди”.

Ишонч ва юрт меҳри қанотингиз бўлсин!

Муҳокамалар чоғида тадбиркорлардан бирини суҳбатга тортиб, концепцияда белгиланган имкониятларга муносабатини сўрадик. "Тўғрисини айтсам, ҳозирча бу яхши гапларга қувонганим билан амалда кўрмагунимча ишонмайман”, — деди суҳбатдошимиз. Унинг бу гапларини тўғри тушундик. Ўз ишига лоқайд давлат хизмати ходимлари туфайли турли тўсиқларга учрайвериб, кўнгли зада бўлиб қолган ишбилармон юртдошларимиз кўплаб топилади. Бироқ улар орасида эл-юрт равнақини биринчи ўринга қўйиб, янгиликлар ва имкониятлар сари дадил қадам ташлайдиганлари, тўсиқларни енгиб ўтишга ўзида куч топа олаётганлари ҳам борлиги кишини қувонтиради. Энг муҳими, бу янгиликлар ва ўзгаришлар барчамиздан жуда катта меҳнат ва саъй-ҳаракатни талаб қилади. Шундай экан, солиқ тизимидаги инқилоб, энг аввало, бизнинг дунёқарашимизда содир бўлиши лозимлигини  унутмасак, бўлгани!

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 10-04-2018, 11:06
0
35

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

  • яндекс.ћетрика Яндекс.Метрика –ейтинг@Mail.ru
  • Таҳририят билан боғланиш

  • +998 91 569-16-99, +998 91 599-54-44
  • jizzaxcity@umail.uz
  • Жиззах, ш. Ш.Рашидов, к. 116-уй
  • 2014-2018 Сайтдаги хабарлардан фойдаланилганда www.Sangzor.uzга ҳавола кўрсатилиши шарт. ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1150
    18+
    Юқорига