Ҳилоланинг ситамларга бой ҳаётига оқибатсизлик сабабчими?

Ҳилоланинг ситамларга бой ҳаётига оқибатсизлик сабабчими?

Ҳилола (исми ўзгартирилган) ота-онасининг суюкли фарзанди бўлиб, 8 ёшигача меҳр тўла парваришлар ичра вояга етарди. Икки акаси Ҳилоладан анча катта бўлгани сабабми негадир сингилни ёқтиришмас ҳатто баъзида калтаклашар эди. Шундай пайтларда отанинг қаҳрли нигоҳи икки ўғилни ўз синглисини хор қилиш ниятидан қайтарарди. Лекин Ҳилоланинг меҳрга тўла ҳаёти 8 ёшига етганда алам-ситамларга тўла турмушга айланди. Чунки отаси оғир касалдан вафот этди. Муштипар онанинг эса икки ўғлига гапи ўтмасди. Бечора қизчани тажовузкор акалардан ҳимоя қила оладиган кимса қолмади оилада.

Ўша дамларда акалар ўртасида отадан қолган ҳовли-жой ва кичик бизнесни бўлиш  устида жанжаллар бошланди. Бу жанжаллар шу даражага бордики, ҳатто онанинг ялиниб-ёлворишлари ҳам икки ўғилга кор қилмасди. Аксинча, улар синглисига қўшиб онасини хор қилишди. Мол аччиғида улар синглисига қўшиб онани ҳам калтаклашдан тап тортишмасди. Оқибатда она-бола уйдан мосуво бўлишди. Икки ўғил она ва сингилни бир-бириникига бадарға қилиб, кўча-кўйда сарсон бўлишларигача олиб келишди.

2014 йилда Ҳилола вояга етиб, ўрта мактабни амаллаб битириб олди. Шундан сўнг у тумандаги Транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди. Бу орада оилали, бола-чақали бўлиб кетган акалар “қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди!” дея қалби ҳали мурғак Ҳилолани эрга бериш ва шу билан унинг масъулиятидан қутилиш пайига тушишди.

Икки ака ва қаҳри қаттиқ янгалар маслаҳатни бир ерга қўйиб, Ҳилолага куёв топишди. Хали у акасиникида хали қарасанг бу акасиникидан хор бўлиб юрган она-бола уларни бу ниятидан қайтариш у ёқда турсин, ҳатто ўз истагини билдиришга ҳам хаққи йўқ эди. Тўй тараддуди арафасида Ҳилола акалари топган куёв ўзидан 16 ёш катта эркак эканлигини билгач, уйдан қочиб кетишга мажбур бўлди. Лекин унинг борар ери, бирор қадрдони бўлмагач қаерга ҳам борарди. Орадан кўп ўтмай акалар қизни топиб, роса калтаклашди. Бу воқеа маҳаллада овоза бўлиб кетгач, кўпчиликнинг аралашуви билан икки ака тўйни тўхтатишга мажбур бўлишди.

Лекин Ҳилоланинг аччиқ қисмати шу билан якун топмади. Кўп ўтмай, аниқроғи, 2017 йил акалар Ҳилолага бошқа тумандан яна бир куёв топишди. Исми Нурбек. Ўтган сафаргидек даҳмазалар чиқмаслиги учунми акалар ва янгалар тўйни ими-жимида шу қадар тезлаштириб юборишдики, Ҳилола қонуний никоҳдан ўтиш у ёқда турсин, ҳатто оқ кўйлак киймасдан йиғлай-йиғлай онасининг бағридан қўшни туманга узатилиб кетди. Тўй эмас, кичик бир худойи тариқасида ўтган маросим зумда ўтди-ю кетди.

Бу пайтда Ҳилола аллақачон паспорт олиши керак эди. Лекин унинг на ўқишга ва на ишлашга имконияти бўлмагани учун паспорт тўловларига маблағи йўқ эди. Нурбекка шу баҳона бўлди-ю, қизни шаърий никоҳлаб ола қолди. Ҳилола янги хонадонга келганидагина у эрининг тўртинчи хотини эканлигидан хабар топди. У Равшан акасига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда айтганида:

-       Менга қара. Дийдиёнгни бас қил. Сен яшайвер, ҳужжатларингни ўзим тўғирлайман. Кейин қонуний никоҳдан ҳам ўтасан, дея гўшакни қўйиб қўйди.

Лекин орадан ойлар ўтса ҳамки, на ҳужжати ва на акасидан дарак бўлмади. Бу орада Ҳилола ҳомиладор бўлди. Нурбек эса, кунора ичиб келар, ёш хотинининг ҳомиладорлигига ҳам қарамай, уни силласи қуригунича урар, баъзида молхонага боғлаб қўйиб, овқат ҳам бермас эди.

Ҳилола акаларига турмушидан шикоят қилса, “Чида, бари бир борадиган жойинг йўқ. Қиз бола палахмон тоши. Қаерга тушса ўша ерда тошдек қотиши керак”, дея уйга ҳам, онасига ҳам яқинлаштиришмасди. Декабрь ойида Ҳилола фарзандли бўлди. Турган гапки, Нурбек, яъни ота бўлмиш куёв туғруқхонада ётган фарзанди ва хотинидан хабар олмади. Ҳаттоки Ҳилоланинг қизалоғини ҳам акалари туғруқхонадан туғулганлик ҳақидаги гувоҳномасиз олиб чиқиб, бадбахт эрнинг ихтиёрига ташлаб кетишди.

Она бўлгач ҳам Ҳилоланинг ҳаёти ўзгармади. Нурбек мунтазам равишда хотинини уриб, таҳқирлашда давом этарди. Маҳалла фаоллари, туман ички ишларининг аралашуви ҳам кор қилмади. Калтак ва зулмга чидай олмаган Ҳилола 2020 йил март ойида иккинчи акаси яшайдиган бошқа туманга фарзанди билан қочиб кетди. Аммо кичик янгаси қайинсинглисини хаттоки уйга ҳам киргизмади. Бундан хабар топган қўшнилар, маҳалла фаоллари тумандаги зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига олиб келишди. У ердан Ҳилола фарзанди билан Жиззах вилояти Реабилитация марказига вақтинча яшаш учун жойлаштирилди.

Айни пайтда марказда Ҳилолага ҳуқуқий, руҳий ва тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда.  Соғлиқни сақлаш вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли Ҳилола ва унинг қизалоғи соғломлаштириш стационарида даволанишди. Реабилитация ва мослаштириш марказининг руҳшуноси Ахмедова Дилфуза жувон билан мунтазам психологик машғулотлар олиб бормоқда.

Марказ ҳуқуқшуноси Эркин Муродов Ҳилоланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси асосида, фуқаролик паспортини олиш учун туман ИИБга ариза топширилган. Ҳужжатлаштиришда амалга оширилиши керак бўлган барча тўловларни марказ ўз зиммасига олди. Шунингдек, унинг қизалоғига ҳам тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Марказнинг яна бир хуқуқшуноси Умид Бегматов, Ҳилоланинг илтимосига кўра, Транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежидаги ўқишини қайта тиклаш ишлари билан машғул.

Sangzor.uz - инновацион ахборот портали