Пахтакор туманида вилоят суди раисининг сайёр қабули бўлди

Улашиш:

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддат ичида халқ манфаатига хизмат қиладиган улкан бунёдкорлик ислоҳотларини амалга оширди. Ислоҳотлар билан биргаликда аҳолининг дунёқараши, турмуш тарзи ўзгара бошлади. Сайёр ва оммавий қабуллар орқали барча турдаги раҳбарлар халқ билан янада яқинлашиб, мавжуд муаммоларнинг аниқ таҳлили вужудга келди. Буни Жиззах вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари ва туманларда  «Аёллар дафтари»га киритилган, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга самарали ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган оммавий сайёр қабул мисолида кўриш мумкин.

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани ҳудудида ўтказилган сайёр қабул давомида, Жиззах вилоят суди раиси Ўткиржон Джумаев, вилоят суди раиси ўринбосарлари Акром Шукуров, Жамол Қаххаровлар ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси Шарофиддин Болиевлар томонидан сайёр қабулга келган фуқароларга “Одам савдоси ва мажбурий меҳнат қурбони бўлиб қолманг”, “Чақалоқ ва болалар савдосидан огоҳ бўлинг” мавзуларида учрашув ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги  қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ўтказилган оммавий сайёр қабулда фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Муддат талаб этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилган мазкур идоранинг амалий кўмаги билан кўплаб ҳамюртларимиз ўзларини қийнаб келаётган турли муаммоларга ечим топмоқда. Энг муҳими, мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида қонуний ва адолатли ҳал этилаётгани фуқароларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч ҳисси билан яшашларида муҳим омил бўлмоқда. 

 

Жиззах вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.