Ижтимоий тармоқларда қуйидаги мазмундаги хабарлар тарқалди: “Агар уйингизда газ “счётчик” шундай турган бўлса, у 2-3 баробар кўп ёзаяпти, тезда созлаб олинг”. Хабарга бириктирилган видеода газ ҳисоблагичларининг ҳисоблаш кўрсаткичлари ҳаво ҳароратига қараб ўзгарар эканлиги иддао қилинган. Шунингдек, истеъмолчиларга ҳисоблагичларни ўраб қўйиш тавсия қилинган. Factchecknet.uz ушбу даъвони текширди.
ҲУКМ: ЁЛҒОН
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ расмий Telegram канали ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган мазкур видео юзасидан расмий муносабат билдирди:
"Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда газ ҳисоблагичларига оид турли хил видеолар кенг тарқалмоқда. Хусусан, ҳисоблагичнинг 'терма корректори' қопланганида у газ истеъмолини нотўғри ҳисоблайди деган фикр илгари сурилмоқда. Ушбу маълумотга аниқлик киритамиз. Газ ҳисоблагичлари -25°C дан +55°C гача бўлган ҳарорат оралиғида ишлашга мўлжалланган бўлиб, улар давлат стандартлари талабларига тўлиқ жавоб беради."
Ҳисоблагичлар таркибида терма корреактор мавжуд. Бироқ у ташқи ҳаво ҳароратини эмас, балки қувурлар орқали келаётган газнинг ҳароратини ўлчайди ва уни меъёрий шароитга (одатда +20°C га) мослаб ҳисоблайди.
Масалан, совуқ кунларда газ -10°C ҳароратда келаётган бўлса, терма корреактор уни +20°C шароитидаги ҳажмга мослаб қайд этади. Иссиқ кунларда эса, агар газ +40°C ҳароратда кириб келса, у яна +20°C шароитдаги ҳажм бўйича ҳисобланади. Бу тизим газ сарфини адолатли ва аниқ ҳисоблаш учун жорий этилган.
Ҳисоблагичлар қандай ишлайди?
Газ ҳисоблагичлари турли хил бўлади:
- Диафрагмали (мембранали) – уй-жойлар ва хусусий хонадонларда кўп учрайди.
- Турбинали – саноат ва йирик объектларда ишлатилади.
- Роторли – турли газ таъминоти тизимларида қўлланилади.
- Гирдобли – газ оқимини юқори аниқлик билан ўлчашга мўлжалланган.
Кўпчилик хонадонларда диафрагмали (мембранали) ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, улар аниқ ва ишончли ҳисоблаш механизмига эга. Совуқ об-ҳаво газнинг зичлигига таъсир қилгани билан, ҳисоблагичлардаги терма корреактор бу ўзгаришларни тўғрилаб, ҳақиқий сарфни ҳисоблайди.
Агар ҳисоблагич нотўғри ишлаётган бўлса, нима қилиш керак?
Агар истеъмолчи ҳисоблагич хато ҳисоблаётганидан шубҳаланса, текшириш ва калибрлаш (қиёслаш) учун ариза топшириш тавсия этилади. Ўзбекистонда табиий газ ҳисоблагичларини текшириш ва калибрлаш давлат хизмати орқали амалга оширилади. Бу жараён “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан 14 иш куни мобайнида бажарилади.
Шунингдек, ҳисоблагичларнинг тўғри ўрнатилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир ҳисоблагичга бириктирилган йўриқномаларда ўрнатиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган бўлиб, бу талабларга риоя қилиш ҳисоблагичнинг аниқ ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.
Хулоса
Ижтимоий тармоқларда тарқалган газ ҳисоблагичлари совуқда 2-3 баробар кўп ҳисоблайди деган даъво асоссиз ва ёлғон. Замонавий ҳисоблагичлар совуқ ва иссиқ ҳаво шароитида ҳам аниқ ҳисоблаш учун махсус мослаштирилган. Агар ҳисоблаш жараёнида муаммо кузатилса, мутахассислар орқали текширтириш тавсия этилади.