Солиқ имтиёзлари даромад ортишига, янги лойиҳалар яратишга асос бўлмоқда

Улашиш:

Махсус кийим-кечаклар ҳамда мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Finiba teks” масъулияти чекланган жамияти Мирзаобод туманидаги “Тошкент” маҳалласида жойлашган бўлиб, корхонада бугунги кунда 80 нафарга яқин ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 30 нафарга яқини атрофдаги маҳалла аҳолисини ташкил этаётгани аҳолининг бандлиги ва даромадга эга бўлишида муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, корхона томонидан 10 нафарга яқин хотин-қизларнинг уй шароитида ишлаши учун шароит яратилиб, керакли газлама, техникалар, тикув машинаси ўрнатиб бераётгани ҳамда тикишга қизиққан хотин-қизлар малакасини оширишларида, ҳунар ўргатиб, кўмак кўрсатаётгани қўшимча иш ўрни яратишга хизмат қилмоқда.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Жўрабек Ғойибовнинг навбатдаги сайёр қабули корхона жойлашган манзилда бўлиб ўтди.

Сектор раҳбари корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан солиққа оид меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар, пандемия шароитида берилган имтиёзлар ва енгилликлар ҳақида ҳам тушунтиришлар бериб ўтди. Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорларнинг яқин кўмакчиси сифатида амалий ёрдам кўрсатишга доим тайёр эканлигини таъкидлаб, берилган имкониятлардан оқилона ва самарали фойдаланиш хусусида тавсиялар берди.

- Пандемия даврида Президентимиз фармонига кўра корхонамиз берилган имтиёзлардан ижтимоий солиқ ҳисобидан 10 миллион сўм маблағ  тежаб қолди, - дейди “Finiba teks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Мавлонов. – Берилган имтиёзлар ва енгилликлардан оқилона фойдаланиб, янги лойиҳалар, янги ишлаб чиқариш линияларини қуришни режалаштирганмиз. Жумладан, “Сардоба” сув омбори техноген фалокати натижасида талофат етган ҳудудда 300 иш ўрнига эга трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини сентябрь ойида фойдаланишга топширмоқчимиз.

Дарҳақиқат корхона томонидан нафақат янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш бўлимлари ташкил этилмоқда, шу билан бирга эзгу ишларга қўл урилиб, уй шароитида ишлашга мажбур бўлаётган, ёш болали аёлларнинг етарли малака ва кўникмага эга бўлиши учун бепул касб-ҳунар ўргатиш курслари ташкил этилибди. Мақсадлар улкан.

Солиқ солишни соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларига яратиб берилаётган имтиёз ва енгилликлар сабабли, ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиши билан бирга, қўшимча бўш иш ўринлари ҳам яратилмоқда. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси шароитида Президентимиз фармонларига асосан тадбиркорлик субъектларига жорий этилган имтиёзлар корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари жадал суръатларда ортиб боришига омил бўлмоқди.

 

Илғор Халилов,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.