Zaha Hadid Architects архитектура бюроси Янги Тошкентдаги ноёб Алишер Навоий маркази рендерларини тақдим этган

Улашиш:

Жаҳонга машҳур Zaha Hadid Architects архитектура бюроси Янги Тошкент учун янги маданий лойиҳа рендерларини тақдим этган. Мажмуа Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини бирлаштиради.

Адабиёт музейида 3,5 мингта нодир қўлёзма ва китоб экспонатлари сақланиши, шунингдек, реставрация устахоналари ташкил этилиши режалаштирилган. Доимий равишда ўн учта кўргазма зали ишлай бошлайди. Бундан ташқари, мажмуада ўзбек тили, адабиёти ва мусиқаси мактаби ҳамда Миллий мақом маркази жойлаштирилади. Мажмуа биноларининг умумий майдони 23 минг квадрат метрни ташкил этади.

Марказни лойиҳалашда меъморлар Ўзбекистоннинг бой меъморчилик тарихидан илҳомланишган. Маданий мавзенинг ярим доира шаклидаги кириш жойлари ва ички деворлари маҳаллий ғиштдан қуриладиган бўлиб, бу анъанавий ўзбек меъморчилигининг геометрик нафислигига ишора қилади. Ички ҳовличалар эса, ҳудудий дизайннинг асоси сифатида, мажмуа режасига бирлаштирилади. Шунингдек, улар ташқи маконларни табиий ёруғлик ва вентиляция билан таъминлайди.

Қурилиш пассив совутиш тизимини назарда тутган, бу эса меҳмонларнинг қулайлигини сақлаб, энергия сарфини минималлаштиради. Ярим доира шаклидаги кириш жойларининг ичи бўш конструкция сифатида шамолни ушлайди ва салқин ҳавони бино бўйлаб тарқатади. Шу билан бирга, кун давомида тўпланган иссиқлик тунда чиқарила бошлайди.

Таъкидланишича, мажмуа талабалар, тадқиқотчилар ва рассомлар ўртасида ҳамкорлик ва ижодий мулоқотга хизмат қиладиган ўзаро боғлиқ макон бўлади.

Эслатиб ўтамизки, мажмуа лойиҳаси жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон президентига тақдим этилган. Шу билан бирга, Янги Тошкентда архитектура ансамблининг биринчи иншоотлари қурилиши жорий йилнинг апрель ойида бошлангани ҳақида хабар берилган эди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.