Учма МФЙ аҳли электр таъминотидан норози

Улашиш:

Кунлар совиб, қиш яқинлашар экан одамларда хавотир уйғона бошлайди, гарчи қишга тайёргарликни эртароқ бошлашга кўникиб қолишган эса-да. Табиийки, оммавий ахборот воситаларига ҳам электр, табиий газ ва иссиқлик таъминоти мавзусида мурожаатлар кўпаяди. 

Sangzor.uz’га бу борада бир қанча мурожаатлар келмоқда. Фориш тумани, Учма МФЙ, Абдукарим қишлоғи аҳли ҳам 2019-йилдан бери мурожаат  қилмаган давлат идораси қолмади. Улар ўз мурожаатларида ҳудуддаги электр симёғоч ва трансформаторнинг ҳолати талаб жавоб бермаслигидан норози эканликларини яширмайдилар. Йўлланган мурожаатларга эса бериладиган жавоб доим бир хил: “Келгуси йил давлат дастурига киритилади”.  

Мурожаатларнинг айримларига эътибор қаратамиз. Форишлик Бекзод Эшмуродов шундай ёзади. 

«Абдукарим қишлоғимизда «свет» ўчиши жуда ҳам кўпайиб кетди. Бунинг сабаби электр симёғочлар эскириб, симлар қайта-қайта уланаверганидан қишлоқда яшовчи хўжаликлар электр таъминотисиз қолмоқда. Бир марта шамол бўлса, тамом симларни аҳолининг ўзи қўлда улаб чиқишига тўғри келади. Ҳолбуки, электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўламоқдамиз. На ишда, на уйимизда ҳаловат бор. Ҳали қиш келмасдан шунчалик. Туман электр таъминоти корхонасига қўнғироқ қилиб мутахассис чақириш бефойда. Ҳали ҳам вақт бор. Масъулларга қишга тайёргарликни эртароқ бошлашларини таклиф қиламан». 

Мазкур мурожаатларга илова тарзида йўлланган фотосуратлар ва аудиоёзувлар бизнинг қўлимизда мавжуд. Зеро, туман ҳокими ҳам, халқ қабулхонаси масъуллари ҳам ҳозирча муаммога ечим таклиф эта олишмаяпти.  

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Жиззах ҳудудий филиали ахборот хизмати эса ижтимоий тармоқлардаги чиқишларга қуйидаги мазмунда муносабатини билдирган.    

“Ҳудуддаги вазият Фориш туман электр таъминоти ходимлари томонидан ўрганилиб, ҳудуддаги электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 40 кВа қувватли трансформатор 63 кВа қувватлисига алмаштирилди, 0.4 кВли ҳаво тармоғи жорий таъмирланиб, салқи симлар тортилади.  Шунингдек, мактаб тармоғига янги тармоқ тортиш мақсадида, темир-бетондан таянч устунларни ўрнатиш учун чуқурлар қазилди. Бу ҳудудга 20 дона темир-бетон таянчларни олиб келиб ўрнатилади ва  булар орқали янги тармоқ тортилади” дейилади расмий муносабатда. 

Муаммони тезкорлик билан ўрганилган бўлса-да, уни бартараф этиш учун саъй-ҳаракат етишмаётгандай назаримизда.   

 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.