Қорақалпоғистонда маст ҳайдовчи ЙПХ инспекторини уриб юборди

Қорақалпоғистонда маст ҳайдовчи ЙПХ инспекторини уриб юборди

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Йўл патруль хизмати ходими Данияр Қаирбоев ўз хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, 2021 йил 21 март куни Мўйноқ тумани ҳудудидаги 4Р-173 автомобиль йўлининг 91-93 километри оралигида учинчи сафарбар гуруҳи инспектори, сафдор Данияр Қаирбоев  ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида «УАЗ-3303» русумли автотранспорт воситасини тўхтатган. Бироқ машинани маст ҳолда бошқариб келаётган ҳайдовчи инспекторни уриб юборган.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати

Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳатини олган инспектор шифохонада ўзига келмасдан вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.