Бошқа йўл йўқ. Бахтиёр Эргашев газ иттифоқининг тузилиши ва АЭС қурилиши ҳақида сўзлаб берди

Бошқа йўл йўқ. Бахтиёр Эргашев газ иттифоқининг тузилиши ва АЭС қурилиши ҳақида сўзлаб берди

Жорий йилдаги қиш мавсуми эскирган ускуналар ва самарасиз бошқарув, табиий газ қазиб олиш ва электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги қийинчиликларга оид маҳаллий энергетика соҳасидаги барча муаммоларини яққол намойиш этди. Ma'no тадқиқотли ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, ўсиб бораётган аҳоли ва ривожланаётган иқтисодиёт шароитида бу муаммолар янада кучаяди, шунинг учун мамлакат раҳбарияти тезкор чоралар кўриши керак.

Экспертнинг таъкидлашича, ушбу жиддий масалаларни Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон ўртасида учлик газ иттифоқини ташкил этиш, шунингдек, Россия лойиҳаси бўйича атом электр станциясини қуриш орқали ҳал қилиш мумкин.

“Энди Ўзбекистон нафақат энергия танқислигига учраган мамлакат ҳисобланади, балким сўнгги йилларда Ўзбекистонда объектив сабаблар туфайли газ танқислиги ҳам кузатилмоқда. Ва бу жараён давом этади: аҳоли сони ортиб бормоқда, саноат ва қишлоқ хўжалигининг табиий газга бўлган талаблари ошмоқда, газда ишлайдиган янги ИЭСлари жорий этилмоқда, улар ҳам энергия ишлаб чиқариш учун янги табиий газ ҳажмини талаб қилади", - деди Эргашев Batafsil.uz. мухбири билан ўтган суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, бу объектив жараёндир, яъни Ўзбекистон аҳоли, саноат ва иқтисодиётнинг табиий газга бўлган талабини қондириш учун зудлик билан чоралар кўриши керак.

“бундан кейин ўзининг қазиб олиши етарли бўлмайди ва вазият янада чигаллашади. Бу шуни англатадики, Ўзбекистон табиий газни нетто-импорт қилувчи (таҳр.- экспортдан кўпроқ импорт қиладиган мамлакат) бўлади. Биринчи вариант-Туркманистондан табиий газ етказиб бериш имконияти бўлиши мумкин. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, Туркманистон жуда инжиқ шерик бўлиб, у билан узоқ муддатли газ шартномаларини тузиш қийин бўлади. Ва бу ҳолда Ўзбекистон табиий газни муқобил етказиб берувчиларга муҳтождир”, - деди эксперт.

Унинг фикрига кўра, бундай реал етказиб берувчи Россия бўлиб, унда Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш имконияти ҳам, истаги ҳам мавжуд.

"Бизга “Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон” газ альянсини тузишга тўғри келади. Бошқа йўл йўқ, чунки сўнгги воқеалар ва ўсиб бораётган ижтимоий зиддиятлар шуни кўрсатадики, агар одамлар газ олмаса ва музлаб қолса, ислоҳотларнинг барча натижалари пучга чиқиши мумкин. Бу мамлакатда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотларни обрўсизлантиради. Агар кимдир буни тушунмаса, жуда катта сиёсий хато қилади", – дея таъкидлади у.

Экспертнинг таъкидлашича, одамлар электр ва газ танқислигига чексиз тоқат қила олмайдилар. Энергия ресурслари этишмаслиги шароитида бизнес ҳам самарали ривожлана олмайди. Агар етарли миқдордаги газ ва электр энергияси бўлмаса, ҳукуматнинг саноатлаштириш бўйича барча режалари амалга ошмайди.

"Жуда қизиқ томони шундаки, совуқ кунлар ва доимий узилишлар бошланганидан бери, Россия Федерациясига қарам бўлмаслик учун ҳеч қандай ҳолатда рус газини сотиб олмаслик керак, деганлар жим бўлиб қолди. Чунки Ўзбекистонга, айниқса, иситиш мавсумида етарли миқдорда ёқилғи етказиб бера оладиган бошқа реал газ етказиб берувчи йўқ. Демак,   ушбу тўланган русофобик тарғиботни тугатиш лозим", - деди Эргашев.

Шунингдек, экспертнинг таъкидлашича, мамлакатда энергия танқислиги муаммосини ҳал қилишнинг ягона муқобил варианти - атом электр станциясини қуришдир.

"Ўзбекистондаги электрогенерациянинг 80% дан ортиғи табиий газни ёқадиган иссиқлик электр станциялари ҳисобига амалга оширилади. Шу билан бирга, мамлакатда газ захиралари ва табиий газ қазиб олиш ҳажми ўсиб бораётган аҳоли ва иқтисодиётнинг янги эҳтиёжларини қондира олмайди. Шундай экан, табиий газда электрогенерация ўз чегаралари ва чекловларига эга", – деди у.

Унинг сўзларига кўра, яшил энергия ҳозирги технологик даражада доимий генерацияни таъминлай олмайди. Бу электрогенерациянинг жуда ишончсиз манбаи ҳисобланади, чунки у табиий шароитга, йил ва кун вақтига боғлиқ.

"Табиатнинг инжиқликларига, кун ва йилнинг вақтига боғлиқ бўлмаган доимий кучланиш электрогенерациясини ривожлантиришдан бошқа йўл йўқ. Атом электр станцияси бизга ҳаво ва сув каби керак. Менимча, энергия инқирози доимий бўлиб қолади ва жиддий ижтимоий оқибатларга олиб келишини кутмасдан, гапдан ишга ўтиш вақти келди.

“Росатом” билан атом электр станциясини қуриш бўйича катта шартномани тайёрлаш ва имзолаш бўйича музокараларни ҳар томонлама тезлаштириш ва тўғридан-тўғри қурилишни бошлаш керак. Акс ҳолда, вақт ўтмоқда, аҳоли ва иқтисодиётнинг электр энергиясига бўлган талаблари қондирилмай келаверади",- деди Эргашев.

Унинг қўшимча қилишича, бу борада шуни тушуниш муҳимки, атом электр станциясини қуриш жуда узоқ давом этади. Агарда станция қурилиши 2023 йилда бошланса ҳам, биринчи реактор энг яхши ҳолатда 2030-2031 йилларда ишга туширилади.

"Бу йиллар давомида нима қиламиз – бу жуда катта савол. Энергия танқислиги ҳолати давом этаверади. Шу билан бирга, менинг назаримда, иккита реактор камлик қилади. Энг яхши вариант – атом электр станциямизда камида тўртта реактор қуриш керак. Атом электр станциялари фаолиятини таъминлаш учун сув муаммосини ҳам ҳал қилиш мумкин. Сувни сезиларли даражада камроқ истеъмол қилишнинг ўзига хос усуллари мавжуд", - деди эксперт.

Шунингдек, унинг фикрича, энергетика соҳасини ривожлантириш ва умуман, Ўзбекистонни ривожлантириш масалаларида иқтисодий прагматизм ва миллий манфаатлардан келиб чиқиш зарур.

"Фаолияти ташқаридан жуда яхши тўланадиган русофоблар иқтисодий масалаларга сиёсий ва геосиёсий жиҳатларни қўшишни бошлаганларида, муаммо янада кучаяди. Шунинг учун мен ҳар доим прагматик ёндашувни қўллаб-қувватлаганман. Агар бизда жуда муҳим бўлган товар ёки маҳсулотни таклиф қиладиган контрҳамкор бўлса, музокара қилиш ва ушбу масалаларни тезроқ ҳал қилиш керак. Блогерлар ва псевдо-мутахассисларнинг сотиб олинган овозлари Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши учун янги сунъий тўсиқлар пайдо бўлишига олиб келади", – деди Эргашев.

Бошланган ислоҳотларни самарали давом эттиришнинг яна бир муҳим жиҳати – аҳолини иш билан таъминлаш. Шу сабабли, тобора кучайиб бораётган геосиёсий турбулентлик, бутун дунё бўйлаб тарқалиб бораётган иқтисодий инқироз ва ковид даврида бошланган логистика занжирларининг қулаши жараёнининг давом этиши шароитида Ўзбекистон Россияга экспортни кенгайтириш масалаларини ҳал қилиши керак.

"Россия Федерациясига қарши давом этаётган ва кучайиб бораётган иқтисодий санкциялар шароитида ўзбек маҳсулотларини Россияга экспорт қилишнинг амалга оширилиши кутилган жараён эди. Менимча, Ўзбекистон ва Россия бизнес вакиллари санкцияларни четлаб ўтишнинг янги усулларини топадилар. Маълум бир санкция остидаги товарларини параллел равишда импорт қилиш атамасининг пайдо бўлганлиги бежиз эмас", - деди Эргашев.

Унинг сўзларига кўра, қозоғистонлик ишбилармонлар бу йўналишда жуда фаол ишламоқда. Улар кейинчалик Россияга олиб бориш учун Ўзбекистонга тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари учун келишмоқда. Улар кабеллар, мис, ўзбек автомобилларини турли схемалар бўйича экспорт қилиш имкониятларига қизиқишмоқда.

Маҳаллий бизнес ҳам фаоллашди. Ўзбекистонлик тўқимачилик соҳаси ёки бизнес вакиллари автомобилларимиз ва тўқимачилик маҳсулотларимизни Қозоғистон орқали Россияга экспорт қилмоқдалар.

"Келгуси 2-3 йил ичида Россиянинг автомобилларга бўлган эҳтиёжи катта бўлади, чунки Россия автомобилсозлик саноатининг автомобиллар бўйича таклифи етарли эмас. Бундай талаб шароитида ўзбек автомобиллари, албатта, бу эҳтиёжларни қондириши ва Россия енгил автомобиллар бозорида бир вақтлар йўқолган жойларни қайтариши мумкин. UzAuto Motors автомобилларни Россияга тўғридан – тўғри экспорт қила олмайди, шунинг учун менимча, компания ўз автомобилларини етказиб беришнинг бошқа йўлларини қидиради", - деди эксперт.

Шу билан бирга, унинг айтишича, бундай йўллардан бири - Chevrolet автомобиллари Қозоғистон ва Россия бозори учун йиғиладиган Қозоғистон йиғиш ишлаб чиқаришига автомобиль тўпламларини етказиб беришни кўпайтиришда иборат.

Унинг сўзларига кўра, бошқа истиқболли йўналишлар ҳам мавжуд. Масалан, бугунги кунда Россия ИТ соҳасидаги кўплаб лойиҳаларни Ўзбекистонга аутсорсинг қилмоқда. Дастурчиларимиз кейинчалик Россия Федерациясига экспорт қилиш учун маълум турдаги дастурий маҳсулотларни яратиш устида ишламоқдалар.

"Инқироз, албатта, жуда ёқимсиз нарса. Шу билан бирга, у Россия йўналишида фаолият юритаётган ўзбек бизнеси учун муайян имкониятлар яратмоқда. Шунинг учун менинг прогнозим жуда оптимистик. Россия бозори ўзбек бизнеси учун қизиқ, чунки у ерда тўловга қодир талаб мавжуд. Шунинг учун бизнесимиз Россия бозорида ўз иштирокини ошириш учун имконият топади", - деди Эргашев.

Бундан ташқари, унинг фикрига кўра, Ўзбекистон ва Россия янги ишлаб чиқариш занжирлари ва саноат кооперациясини қуриш, янги турдаги маҳсулотларни яратиш ва улар билан янги бозорларга чиқиш учун жуда жиддий имкониятларга эга. Экспертнинг айтишича, бу Ўрта Шарқ (Эрон), Жанубий Осиё (Покистон, Ҳиндистон) ва Жанубий-Шарқий Осиёнинг жуда катта минтақаси бўлиши мумкин.

"Мен Ўзбекистон-Россия фармацевтика ишлаб чиқаришларини ташкил этиш бўйича музокараларга гувоҳ бўлганман, улар ҳозир давом этмоқда, амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш бўйича турли модификациядаги тракторлардан тортиб, ушбу машиналар учун қўшимча ускуналарни ишлаб чиқаришга бўлган жиддий қизиқиш бор", – дея таъкидлади эксперт.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда маҳаллий хом-ашё асосида электротехникани ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш борасида катта қизиқиш мавжуд.

"Бу масалалар жуда фаол муҳокама қилинмоқда. Россия бизнеси Ўзбекистон бозорида ишлашдан манфаатдор: бу ерда маҳсулотлар яратиш, хусусан, улар билан янги бозорларга чиқиш истиқболлари кўринмоқда. Бу жуда яхши йўналиш. Менимча, бу албатта амалга ошади", - деди у.

Бундан ташқари, экспертнинг фикрича, Ўзбекистон Россияга қарши санкцияларга қарамай, ЕОИИга қўшилиш жараёнини давом эттиради.

"Ўзбекистон ташкилотга босқичма-босқич қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилганида, бу сиёсий ва стратегик жиҳатдан тўғри эди. Шу билан бирга, мамлакатимиз бу эволюцион жараён бўлишини айтиб, дастлаб кузатувчи мамлакат мақомини олиш ниятида эканини билдирган. Айни пайтда Ўзбекистон олдида жуда катта ҳажмдаги процедураларни синхронлаштириш ва унификация бўйича ҳаракатларни босқичма-босқич давом эттириш вазифаси турибди, хусусан, техник жиҳатдан тартибга солиш, божхона тартиб-таомилларини стандартлаштириш, тариф масалалари ва бошқаларни ҳал қилиш зарур. Бу жуда катта иш ва назаримда, жараён давом этади", – деди Эргашев.

Унинг сўзларига кўра, иккинчи жаҳон урушидан кейин яратилган глобаллашув форматининг қулаши, Ғарбга йўналтирилган ва Бреттон-Вудс тамойилларига мувофиқ қурилган тизим, минтақалаштириш жараёнининг бошлангани (таҳр.-баъзи йирик давлатлар атрофида минтақавий савдо, иқтисодий ва сиёсий бирлашмалар ташкил этиш) шароитида ЕОИИ интеграцион характердаги минтақавий савдо-иқтисодий тузилма сифатида у ёки бу форматда яшайверади ва ривожланади.

Бу минтақавий тузилмаларни шакллантиришнинг объектив дунё жараёни бўлиб, кейинчалик глобаллашувнинг янги босқичи ва форматига ўтади.

"Аввалги глобаллашув тарафдорлари Ўзбекистонни ЖСТга тортишни давом қилишмоқда. Ўйлайманки, ҳозирги босқичда бирон бир муаммони ҳал қилмайдиган ва менинг фикримча, ҳеч қандай истиқболга эга бўлмаган ташкилотларга қўшилишдан кўра, минтақавий ташкилотлар билан ишлаш иқтисодий жиҳатдан манфаатлидир. ЖСТга аъзо давлатлардан бирига қарши санкциялар эълон қилинади-ю, ташкилотнинг ўзи бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Сўнгги бир неча йил ичида арбитраж йўқлиги сабабли ҳеч қандай суд текшируви кўриб чиқилмаган ва якунланмаган бундай ярим ўлик тузилма кимга керак?"- дея сўрамоқда эксперт.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ЖСТ таркибидаги энг муҳим институт – арбитраж суди ишламаяпти, бу эса ушбу ташкилотни фойдасиз қилади.

"Шу сабабли, Ўзбекистонга ЕОИИ керак эмас, деб айтадиган ушбу мутахассислар глобал маконда содир бўлаётган жуда мураккаб жараёнларни яхши тушунишмайди. Улар минтақалаштириш жараёнларини англашмаяпти, олдинги форматдаги глобаллашув тўхтаб қолганини кўришмаяпти. Уларнинг гаплари ихтиёрий ёки ихтиёрсиз равишда Ўзбекистонга ва унинг прагматик иқтисодий ва миллий манфаатларига қарши ишламоқда", - дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Эргашевнинг таъкидлашича, минтақада хавфсизликни таъминлаш учун янги муаммоларни келтириб чиқарадиган Афғонистон масаласи ҳақида унутмаслик керак. Ўзбекистон ва Россия Афғонистон ичидаги келишув масаласида ўхшаш нуқтаи назарларга эга.

"Россия билан ҳамкорлик Афғонистон ичидаги келишув масаласида катта роль ўйнайди. Бу эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида Тошкент ва Москва Афғонистон ичидаги сиёсий қарама – қаршилик даражасини пасайтиришга қаратилган сиёсатни янада фаолроқ амалга ошириши учун ишлаши керак", - деди у.

Унинг фикрига кўра, Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам Афғонистонни қурол-яроғ билан тўлдириш эмас, балки унга ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда ёрдам бериш кераклигига асосланишади. Ялпи ички маҳсулоти асосан аграр сектордан ташкил топган ҳозирги Афғонистон жаҳон бозорида рақобатбардош эмас: экспорт қилиниши мумкин бўлган маҳсулотлар кам ва бу барқарор ривожланиш учун жуда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Шу сабабли, бу мамлакат модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва барқарор иқтисодиёт учун асос яратадиган иқтисодий лойиҳаларга муҳтож.

"Ўзбекистон ва Россиянинг бу позицияси Хитой томонининг ёндашувига жуда ўхшайди, у ҳам Афғонистон аҳолисини бунёдкорлик ишларига жалб қилиш зарурлигидан келиб чиқади", - деди Эргашев.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия Афғонистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришда жуда яқин позицияларга эга. Россиянинг Трансафғон темир йўл коридорини яратиш лойиҳасини амалга оширишда иштирок этиши тўғрисидаги келишув мавжуд.

"Бу жуда қиммат ва мураккаб лойиҳа. Ўйлайманки, яқин йилларда уни ҳақиқий амалга ошишини кутиш керак эмас, лекин барибир уни бажариш керак. Ўзбекистон ва Россия ушбу темир йўлни қуриш масаласида шерик бўлишлари муҳим роль ўйнайди. Бу Афғонистонга ёрдам беради ва шу билан бирга ушбу ташаббусни амалга ошириш натижасида Покистон денгиз портларига кириш имконига эга бўладиган Россия ва Ўзбекистон учун фойдали бўлади", – дея тушунтирди суҳбатдошимиз.

Шунингдек, мамлакатларимиз Афғонистонда тўлиқ ҳокимиятга эга бўлган Толибон ҳаракати мамлакатнинг барча йирик диний ва этник жамоалари вакиллари иштирок этадиган инклюзив ҳукуматни тузишга киришишини қўллаб-қувватламоқда.

“Толибоннинг ҳокимиятдаги монополияси Афғонистон ичидаги бирлашиш учун ишламайди. Ушбу ҳаракатга қарши бўлган баъзи сиёсий кучлар асосан Ғарб давлатлари томонидан молиялаштирилади ва бошқарилади. Айни пайтда Аҳмад Масуд бошчилигидаги Афғонистон миллий қаршилик фронти (АМҚФ) ҳаракати асосан Ғарб лойиҳасидир. Шу сабабли, Москва ҳам, Тошкент ҳам афғонистонлик гуруҳларга мамлакатни ажратиш учун ишлаш эмас, балки ўзларини мулоқот майдончаси сифатида таклиф қилиш ва муросага келиш йўлларини излашни таклиф қилмоқдалар", – дея хулоса қилди эксперт.