Бахтиёр Эргашев: Самарқанддаги ШҲТ саммитида Ғарбнинг глобал ҳукмронлигига қарши туриш сиёсатига асос солинади

Улашиш:

«Ma'no» Тадқиқотчилик ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида Ғарбнинг глобал ҳукмронлигига қарши туриш сиёсатига асос солинади.

Мутахассиснинг фикрича, ШҲТ давлат раҳбарларининг Самарқанддаги саммити жуда қизиқ ва аҳамиятли воқеадир. Бу нафақат ташкилотга тегишли тадбир, балки глобал хусусиятга ҳам эгадир. 2016 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган саммитда Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилишга қарор қилинган эди. Олти ой ўтар-ўтмас,   Ўзбекистонда ташкилотни янада кенгайтириш кутилмоқда.

"Эрон ШҲТнинг янги аъзоси бўлиши керак. Бу ШҲТ салоҳияти ва нуфузини ошириш йўлидаги ўта жиддий қадамдир. Ўйлайманки, ШҲТнинг минтақавий ташкилотдан глобал масалалар ва жараёнларга таъсир этувчи платформага айланишига гувоҳ бўламиз", - деди суҳбатдошимиз.

Эргашевнинг қўшимча қилишича,   жаҳонда   геополитик турбулентлик деб аталадиган жуда жиддий геополитик ўзгаришлар юз бермоқда. Биз бошқа барча мамлакатларга ўз нуқтаи назарини ва ҳаракатларини юклайдиган ягона куч маркази йўқолиб, кўп қутбли дунёнинг шаклланишини кўриб турибмиз. Жаҳон миқёсида Қўшма Штатлар бошчилигидаги жамоавий Ғарбга қарши тура оладиган ва бунга тайёр бўлган салоҳиятли блок шаклланмоқда.

"Асрнинг ўрталарига келиб, АҚШ, Россия, Хитой ва Ҳиндистон шаклланиб бораётган кўп қутбли дунёнинг бир қисмига айланади. Ҳозирги саммитнинг қизиқлиги шундаки, бу ерда мазкур мамлакат раҳбарлари учрашадилар. Менимча, Самарқанддаги музокаралар чоғида Ғарбнинг глобал ҳукмронлигига қарши туриш сиёсатининг пойдевори қўйилади. Ушбу муҳокамалар натижаларини ШҲТ саммити якунида қабул қилинадиган Самарқанд декларациясида кўришимиз мумкин бўлади",- деди Эргашев.

Мутахассиснинг фикрича, ШҲТ аста-секин жиддий масалаларни ҳал қилишга қодир ташкилотга айланмоқда. Хусусан,   гап Афғонистондаги ички можарони ҳал қилишда, ушбу мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий тикланишида фаолроқ иштирок этиш ҳақида кетмоқда. ШҲТ бу жараёнда муҳим роль ўйнаши керак, зеро ташкилотга аъзо мамлакатларнинг аксарияти Афғонистон билан чегарадош.

“Шубҳасизки, ҳозирги кунда дунёда кузатилаётган геосиёсий турбулентлик шароитида ШҲТга аъзо давлатларни ўз ичига олган макроминтақада хавфсизлик масалалари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун, албатта, хавфсизликни таъминлашда ташкилот самарадорлигини ошириш масалалари кун тартибида бўлади. Хусусан, минтақавий аксилтеррор ташкилоти–ШҲТ МАТТтини ислоҳ қилиш, унга янада катта вазифа ва ваколатлар бериш масаласи эълон қилинади", - деди у.

Эргашевнинг фикрича, шаклланаётган кўп қутбли дунё шароитида эски платформалар ва форматлар янги платформаларга йўл бера бошлайди. Уларда глобал ва минтақавий характердаги янги кучлар янада кенгроқ намоён бўлади, улар глобал муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш учун ўз платформалари ва форматларини шакллантира бошлайдилар.

"ШҲТ айнан шундай ташкилот бўлиб, унда ривожланаётган учта куч маркази – Ҳиндистон, Хитой ва Россия, шунингдек иккита йирик минтақавий кучлар – Покистон ва Эрон мавжуд. Шу боис, БРИКС билан бир қаторда ШҲТнинг Ғарб бўлмаган мамлакатлар манфаатларини ифодаловчи ва Ғарбнинг безбетларча мустамлакачилик босимига нисбатан мухолиф бўлган раҳбарларни ўз ичига олган ташкилот сифатидаги роли ошиб бораверади",–дея қайд этди суҳбатдошимиз.

ШҲТтнинг кутилаётган кенгайиши ҳақида гап борар экан, Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, Эроннинг қўшилиши ташкилотга фақат наф келтиради. Бу мамлакат йирик минтақавий куч бўлиб, Яқин ва Ўрта Шарқда, Ислом дунёсида катта нуфузга эга. У жиддий иқтисодий салоҳиятга эга ва унда кўплаб жараёнларга таъсир ўтказишга имкон берадиган геосиёсий позиция мавжуд. Бундан ташқари, Эрон Афғонистон масаласида ўта жиддий томондир. Унинг обрўси ва таъсири афғон ичидаги ҳақиқий муросаа жараёнларини бошлаш учун зарур ҳисобланади.

Бундан ташқари, мутахассининг тахминларига кўра, яқин келажакда ШҲТ ташкилот мамлакатларини бирлаштирувчи макроҳудуд доирасида иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш бўйича ўз ишини кучайтиради. Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида транспорт ва коммуникациянинг ўзаро боғлиқлиги масаласини ишлаб чиқиш асосий йўналишлардан бири бўлади. Шу билан бирга, транспорт коридорлари минтақа давлатларини бирлаштириб, шарқдан ғарбга ва шимолдан жанубга қараб ҳаракат қилади.

"Ҳозирнинг ўзида Ҳиндистонни Эрон орқали Марказий Евроосиё мамлакатлари билан боғлайдиган Шимолий-Жанубий транспорт коридорини шакллантиришга қаратилган лойиҳаларнинг жадаллашаётганини кўриб турибмиз. Бу жуда муҳим жараёнлар ва улар Шарқдан Ғарбга транспорт коридорларини ривожлантириш билан бирга бормоқда. Мисол тариқасида, Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган Туркияни Хитойнинг шарқий соҳилидаги денгиз портлари билан боғлайдиган Транс-Каспий коридорини айтиш мумкин. Шубҳасизки, улар Марказий Осиё ҳудудидан ўтади ва бу транспорт-коммуникациянинг ўзаро боғлиқлигини таъминлайди", -   дея таъкидлади у.

Эргашевнинг қўшимча қилиб айтишича, ҳозирги шароитда ШҲТга аъзо давлатлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, жаҳон миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ҳал этишда ўзининг роли ва таъсирини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва жадаллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратишади. Шу сабабли, мутахассиснинг фикрича, ушбу масалалар қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ташкилот кун тартибининг марказида бўлади.

Бундан ташқари, ШҲТ фаолиятида гуманитар ҳамкорлик, ташкилот доирасида тадбиркорлик тузилмаларини шакллантириш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, ташкилот фаолиятининг гуманитар йўналишлари кўпайиб бораверади.

"Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг диққат марказида доимо хавфсизлик масаласи туради. Айни пайтда ёвузликнинг уч кучи – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалалари айниқса долзарб бўлиб бормоқда. Ўйлайманки, ШҲТ МАТТни қайта ташкил этиш режалари амалга оширилади, чунки бу соҳа ташкилот фаолиятидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шубҳасизки, хавфсизлик масалалари ШҲТ МАТТни ислоҳ қилиш доирасидан четга чиқади. ШҲТга аъзо давлатларнинг Афғонистондаги ички можарони ҳал этишдаги иштирокини фаоллаштириш, бу мамлакатда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани жонлантириш зарурлиги ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Мазкур масалалар Афғонистондаги хавфсизлик масалалари билан биргаликда ҳал қилинади. Бу жараёнда ШҲТнинг роли янада фаоллашади", - дея хулоса қилди Эргашев.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.