Озодбек Назарбеков «Мендирман Жалолиддин» сериалининг бирорта саҳнаси Ўзбекистонда суратга олинмаганига изоҳ берди


Тошкент шаҳридаги Hilton меҳмонхонасида 8 март, душанба куни «Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўтказилган учрашувда маданият вазири Озодбек Назарбеков сериалда нима учун Хоразмдаги тайёр декорациялардан фойдаланилмаганига муносабат билдирди, дея хабар бермоқда «Дарё».

«Сериал бошида, яъни биринчи тизерда турк дўстларимиз ижодлари жўшиб кетиб, Ўзбекистоннинг бугунги архитектурасини ҳам кўрсатиб кетайлик, деган маънода Хивадаги Хўжа минордан графикада фойдаланишган. Биз шундай ўйладикки, эртага туристлар келганида ўша минорани кўради. Ваҳоланки, у минора яқинда қурилган, у XIII аср минораси эмас.

Биз тизерни оммага ҳавола этганимизда бу қўлида ‘чўпи’ борларга (ижтимоий тармоқларда танқидий фикрлар билдирувчилар – таҳр.) жуда қўл келдики, интернет ўша куни портлай бошлади. ‘Сенлар аҳмоқмисанлар, ақлларинг шунчалик ишламайдими, бугунги архитектурани нега бу ерга қўйишяпсан?!’, деган маънода эътирозлар бўлди. Шундан сўнг биз Туркияда янги декорация қилингани тўғри бўлганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Яхши ҳам, ҳозирги бор архитектурадан фойдаланмаган эканмиз, деган фикрга келдик.

Лекин Хўжа минор графикада ёмон маънода қўйилмаган эди. Хоразмшоҳлар қалъасининг умумий кўринишида шу минорани узоқроқдан кўрсацак ҳам, эртага туристлар келиб, сериалда томоша қилган минора олдида расмга тушсин, бу уларда қизиқиш уйғотсин, деган мақсадда бундан фойдаланилган эди
», — деди Назарбеков.


Фото: «Дарё»
Унинг қўшимча қилишича, «Мендирман Жалолиддин»нинг бирор саҳнаси ҳам Ўзбекистонда суратга олинмаганига асосий сабаб бюджет масаласи бўлган.

«Гап эътирозларда ҳам эмас. Ундан аввал сериал бюджети нуқтаи назаридан Ўзбекистонда шунча иш қилиниши учун биз хоҳлаймизми ёки хоҳламаймизми, бутун бошли киноиндустрияни юртимизга олиб келиш масаласи турганди. Минглаб одамларни бу ерда ойлаб таъминлаш масаласи ва яшаши, техникаларни ижарага олиб келиб, уларнинг бир неча ой бу ерда туриши, йўл харажатларини ҳисоб-китоб қилганимизда мавжуд бюджетимиздан анча-мунча ошиб кетиб қолди. Бу ҳам сабаб бўлди.

Меҳмед Бўздағ бошчилигида Туркияда жуда қулай шароит яратилган. Бутун бошли киношаҳарча барпо этилган, у ерда ҳамма имкониятлар мавжуд. Худди шу имкониятларни ўзимизда яратиш учун, табиийки, сериал бюджети ҳозиргидан яна бир неча марта қиммат бўлиб кетарди. Ҳисоб-китобларимиздан сўнг Туркияда суратга олишга қарор қилдик.

Лекин, қанийди, ўша павильон Ўзбекистонда қурилганида, бу қайсидир маънода халқимизга хизмат қиладиган музей бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Ҳали бунга ҳам келамиз. Бу биринчи қадамларимиз.

Ўзи бизнинг ҳамкорликдаги мақсадимиз ҳам Ўзбекистондаги киноиндустрияни оёққа турғазиш ва унинг сифатини янада ошириш. Бу ишлар хоҳлаймизми ёки йўқми, ҳамкорлик орқали юзага келади. Ўзимиз буларни ҳеч кимнинг ёрдамисиз уддалаймиз, деб айта олмаймиз. Чунки тажрибаси бизникидан юқорироқ бўлган инсонларнинг, қайсидир маънода, кўмагига доимо муҳтожмиз. Биз ҳозир қайси соҳани олишимиздан қатъи назар, бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик орқасидан ютуқларни қўлга киритяпмиз. Ўйлайманки, келгусида, албатта, Ўзбекистонда ҳам энг юқори даражада кино маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга бўламиз, мен бунга ишонаман
», — деди маданият вазири.

скачать dle 12.0


Фикрлар (0)

изоҳ қўшинг