Ҳожибой Тожибоевнинг қизи: «Отамни кимдир ўлдириб юборганида, Tashkent City’да уларнинг ҳайкаллари бўлмасди»

Ҳожибой Тожибоевнинг қизи: «Отамни кимдир ўлдириб юборганида, Tashkent City’да уларнинг ҳайкаллари бўлмасди»

Марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг кенжа қизи Мадина Тожибоева бўлажак турмуш ўртоғи билан қандай танишгани, отаси нима сабабдан вафот этгани ва уни «ўлдириб кетишган» деб тарқалган миш-мишларга жавоби, ҳаётидаги қийинчиликлари ҳақида гапириб берди.

«Бўлажак турмуш ўртоғим билан ўртамизда 7 ёш фарқ бор»

Мен Ислом акамни ака сифатида қабул қилганман, лекин улар мени ҳеч қачон сингил ёки дўст сифатида қабул қилмаган. Бўлажак турмуш ўртоғим билан ўртамизда 7 ёш фарқ бор. Мен 1998 йилда, Ислом акам 1991 йилда туғилган. Миллатим ўзбек, лекин бари бир тожик қони бор. Тожик тилини унча яхши билмайман, Тожикистонда ҳам ўзбеклар яшайдиган жойда яшаганман.

Ҳожибой Тожибоев қизлари билан
Фото: Мадина Тожибоеванинг шахсий архивидан

«Бир йил Ислом акамга сиз билан гаплашмайман деб юрдим»

Пандемия пайтида «Bigo live» деган платформага кирганман, қарасам ҳамма санъаткорлар бор экан. Ўшанда Ислом акани кўрдим, қарадим, таниш юз, лекин танимадим. Профилига қарасам Uztim ёзилган экан, кейин эсладим. 2009 йилда уларнинг «Бора-бора» деган ашулаларини эшитгандим. «Bigo live»да ҳам пул топса бўлар экан, кейин уларга оддий танишга ўхшаб ёздим. Улар профилимга кириб расмимни кўрган экан, мен эса ундан чиқиб кетган эдим.

Орадан бироз вақт ўтгандан кейин мен ҳам ўзимнинг профилимни очдим, жонли эфир қилаётган вақтимда улар ҳам кирдилар. Шунда иккаламиз ҳам ўн йиллик танишдек гаплашганмиз, бир ҳафта ўтиб Ислом ака менга севги изҳор қилди. Менга сизни ёқтириб қолдим, уйимдагиларни юбормоқчиман деганларида ҳазиллашяпти деб ўйлаганман. Аввалига ким биландир баҳс бойлаган деб ўйладим, кейин мен уларни ака сифатида қабул қилганимни айтдим. Улар эса: «Мен сизга сингил сифатида қарамаганман, ёқиб қолдингиз», — деб айтган.

Ҳар кун жонли эфирда бирга суҳбатлашар эдик, орада бир қиз сабабли урушиб қолганмиз. Шундан кейин бир ярим ой бир-биримизнинг жонли эфиримизга кирмаганмиз, қанақадир сабаб билан яна гаплашиб кетганмиз. Бир йил уларга сиз билан гаплашмайман деб юрдим. Охири менга айтмасдан катта опам билан гаплашиб уйдагиларини жўнатган.

Фото: Мадина Тожибоеванинг шахсий архивидан

«Ҳаттоки бир бурда нон билан оққанд еган кунимиз бўлган»

Энг катта армоним — тўйларимизда отамни кўра олмаслигим. Ёмон кунларимизда ёки турмушга чиқиб кетганимиздан кейин ойим ёлғиз қолиб кетадилар, мен эса буни хоҳламайман. Ёнларида қола олмаймиз, отам бўлганларида шунақа бўлмас эди, деб ўйлаймиз.

Бу нарсаларни очиқ-ойдин айтиш қанчалик тўғрилигини билмайман. Онамни хафа қилишган, кичкина бўлиб туриб кучим етмаганини ҳис қилиш менга алам қилган. Мен қариндошлар томонидан онамга қилинган қаттиқ гап-сўзлар бўлганини кўрганман. Ҳозир шу давр келди, мен жавобимни қайтараяпман. У пайтда ўн ёш бўлганман, ҳозир эса 24 ёшдаман, орадан 14 йил ўтди. Вақт ўтди сув тиниқлашди дегани эмас.

Вақти келади, ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтаман. Ўшанда халқ билгандан кейин уялиб қолишмаса бўлди. Халқ билиши керак, ҳамма нарса шунчаки бўлмаган. Шунчаки биз бу даражага етиб, катта қиз бўлиб қолмадик. Ҳозир ҳамма синглим, жияним, опам дейди, биз томонга қадамлар энди бошланди. Ойим 40 ёшида бева қолган. Ўша пайтда Тожикистонда бир йил яшаб Ўзбекистонга кўчиб келганмиз.

Ҳаттоки бир бурда нон билан оққанд еган кунимиз бўлган. Ҳозир юрганларнинг ҳеч қайси олдимизда йўқ эди. Орқамиздан мақтаб гапирадиганлар ўша пайтда қаерда эди, дейман. Кичкиналигимизда бизнинг ҳаққимизни еб, отамнинг бир тийинигача олиб қўйишди. Халқ билиши керак бўлган жуда кўп нарса бор, буни очиқлашим учун яна озгина вақт керак.

Фото: Мадина Тожибоеванинг шахсий архивидан

«Онам тонггача отамнинг оёғини босиб чиқарди»

Қанақа қилиб менинг олдимга келиб: «Отангиз нима сабабдан ўлган?», «Эшитишим бўйича отангизни ўлдириб кетишган» деб айтишади? Агар менинг отамни кимдир ўлдириб юборган бўлганида Tashkent City деган жойда биттагина отамнинг ҳайкали бўлмас эди. Ундан ташқари шунақа бўлганида бизни ҳам йўқ қилиб юборишлари керак эди. Отам жигар циррози сабаб вафот этган.

Кичкиналигимдаги ҳар бир кун эсимда. Онам отамни опичиб юрар эди, улар ҳаттоки юра олмайдиган ҳолатга келиб қолган эди, тонггача уларнинг оёғини босиб чиқарди. Отамнинг қийналиб қандай овоз чиқаргани ҳам эсимда, ҳаммаси қулоғимда қолиб кетган. Уйнинг ичида бўлган нарса уйнинг ичида қолиши керак, лекин халқ бизни нотўғри тушунмаслиги учун очиқладим. Отам охирги марта уйдан чиқиб кетаётганларида: «Онангизни хафа қилманглар, эртага мен қайтиб келиб ҳар бирингиз ҳақида онангиздан сўрайман. Мен эртага келаман», — деган эдилар. Аравачада олиб кетишган куннинг эртасида отам вафот этган.


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив