Фаол инвестиция — ривожланиш омили

Фаол инвестиция — ривожланиш омили

Тадбиркорлик субъектларига қулай инвестиция муҳитини яратиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида янги инфратузилма объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш давлатимизнинг энг устувор вазифаларидан биридир.
Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган барча чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан белгиланган.
Қарор ижроси юзасидан Сирдарё вилоятида инвестиция лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Айни вақтда Гулистон туманининг “Мустақиллик” маҳалласида “Абдумалик файз қурилиш” МЧЖ томонидан қурилаётган мактабгача таълим ташкилотини татбиқ этилаётган инвестиция лойиҳаларининг бири сифатида кўришимиз мумкин.
— Ушбу қурилиш ишларини май ойида бошладик, — дейди “Абдумалик файз қурилиш” МЧЖ раҳбари Жамолиддин Жўраев. — Бино 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 4 млрд 193 млн. сўмни ташкил этади. Ёзнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, ишларимизни жадаллик билан олиб бормоқдамиз. Белгиланган муддатидан олдин – мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширишни режалаштиряпмиз.

Мазкур муассасанинг ишга туширилиши билан ҳудуддаги мактабгача ёшдаги болаларнинг қамраб олиш имконияти ортади. Шу билан бирга маҳалла аҳли ўзи яшаб турган манзилдан олис ҳудудга қатнаш учун сарфланган вақт ва харажатдан қутилади. Иш ўринлари яратилиши натижасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга имкониятлар туғилади.

Демак, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қўллаб-қувватланиши нафақат солиқ тушумлари базасининг кенгайишига хизмат қилади. Балки, бунинг натижасида ҳудуд инфратузилмасида ҳам бир қанча ижобий ўзгаришларга замин яратади. Энг муҳими олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишида халқимиз фаравонлигига хизмат қилиши каби эзгу ниятлар мужассам.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати