» » «Ўқитувчи бўлиш учун молия соҳасини тарк этдим»

«Ўқитувчи бўлиш учун молия соҳасини тарк этдим»

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар:  Telegram-каналга уланинг

Ассалому алайкум! «Домлажон» телеграм каналидаги постингизни ўқидим. Ҳақиқатда юқори синф ўқувчиларида тартиб-интизом бўлиши учун ҳам эркак ўқитувчи керак экан.

Мен аввалги ишларим (молия — 1-ўринбосар, ҳокимият — бош мутахассис)ни ташлаб ва бир қанча кўпчилик ҳавас қиладиган ишларни рад қилиб, оддий бир қишлоқ мактабидаги оддий ўқитувчиликни танладим. Бу қароримни ҳозиргача жуда кўпчилик тушунмайди, айниқса ҳозирги мактабдаги касбдошларим. Кўпчилик «жиннини ишини қилибсиз, хато қилибсиз» деб ҳам айтади. Лекин мен ундай ўйламайман.

Чунки, йиллар давомида математикадан кўнглимни узолмадим. Зериксам мисол-масала ишлаб ўтирардим. Мактаблардаги математика ўқитувчилари чиқаролмаган саволларга жавоб топиб бериш ҳаракатини қилардим. Шунда билдимки, таълим соҳаси учун, ўқувчилар учун нималарнидир бера оларканман.

Мактабда олимпиадачи эдим, вилоятда фахрли ўринларни олардим ва республика, халқаро олимпиадалар менга армон бўлиб қолган эди. Бир томондан армонимни шогирдларда рўёбини кўрай деб ўқитувчи бўлмоқчи бўлдим. Мактабга ишга ўтаман десам, уйдагиларим ҳам қарши бўлишди ва шартта ўз хоҳишим билан ишимдан бўшаб, нақд 2 йил ҳеч қаерда ишламадим. Уйдагиларим ҳам ҳайрон: ишхонангда бирор гап бўлдими ё, деб. Бу орада жуда кўплаб ишлардан таклифлар келди (аввалги ишхонамдан ҳам қайта ва қайта, бундан хурсанд бўлдим, уйдагиларим олдида юзим ёруғ бўлди). Аммо кўнглим чопмади. Бўлмаса, мактабни ва Миллий университетни «қизил» дипломга битирганман.

Хуллас, ўтган йил сентябрдан янги қурилган мактабга ишга кирдим.
Ҳаммаси яхши, хурсандман, афсусланаётганим йўқ.
Фақат бир нарса одамни жуда хафа қиларкан. Яъни, ўқувчиларда умуман илм олишга иштиёқ йўқлиги. Ҳаттоки, уларнинг ота-онасида ҳам хоҳиш йўқ. Мактабимиз жойлашган ҳудуд аҳолиси шундай фикрда экан...

Айтсам балким ишонмассиз, сентябрда ўқувчилар мактабга келди, ўзимча бир қанча режалар тузганман. Шуларга асосан ҳар бир ўқувчидан қизиқишини, келажакда қайси касбни танлашини билмоқчи бўлдим. Ҳайрон бўлиб қолдим, наҳот  бирортаси мен ўқийман демаса-я. Айтадигани фақат, «электрик бўламан», «акфачи бўламан», «новвой бўламан», «тикувчи бўламан» ва ҳоказо... Олимпиадачи танлайман деб 11-синфлардан пастга қараб 7-синфларгача қидирдим, бирорта астойдил касрларни ишлай оладигани йўқ... Менга юқори синфлар дарсини беришди. Ана энди уларга касрни билмаган ҳолатига ўзларини мавзусини тушунтиришни ўйланг. Мавзуни тушунгани билан, ҳисоб-китобни билмайди...

Буни сабабини билдим: ўқувчилар уйига бориб умуман дарс тайёрламас экан ва буни назорат қилиш ота-оналарнинг ҳам хаёлига келмас экан.

Текинга тўгарак ташкил қиламан дарсдан кейин деб бир-бир айтиб чиқсам келмади. Ёлғон бўлмасин, роса маъруза қилганимдан кейин 2-3 нафар ўқувчи  келади, кейинги дарсда улар ўрнига бошқаси... ЭКУБ, ЭКУК, касрлар мавзусини сентябрдан буён 30 мартадан кўпроқ ўтдим шекилли.

Яна қизиғи, мактаб ҳудудидаги аҳолида қизларни олий таълимда ўқитиш фикри ноль эмас, «минус»га ўтиб кетган. Аксига олиб, гарчи ҳозирги билими яхши бўлмаса ҳам, лекин зеҳн қизларда ўткирроқ экан. Баъзи зеҳни ўткир қизларга «сиз ўқишингиз керак», деб айтсам, «домла, бизда қизларни барибир ўқитишмайдида» деб йиғлаб юборай дейишади. Бу борада бир нечта ота-оналар билан юзма-юз суҳбатлашиб, ҳаттоки баъзи оталар билан ёқалашиб ҳам кетдим...

11-синф битирувчиларини олий таълимга жалб қилиш бўйича бир нафар ўқувчини менга бириктириб қўйишди. У ўқиш онлайнда деб мактабга келмаётганди. Суриштириб билсам, Тошкентда ишда экан. Чақиртирдик, келди. Билим «даҳшат». Ўқиш хаёлни бир четида йўқ.

Ота-онаси билан суҳбат қилай деб тополмадим. Онаси билан телефонда гаплашдим. Дадаси қурилишда ишларкан, эрта ишга кетаркан, кеч қайтаркан, мактабга бир келиб-кетишга вақти йўқ экан. Охири дадаси билан ҳам телефонда гаплашдим: «ўғлингиз 11-синфни битиряпти, кейин нима қилади» десам, «билмайман, ўзи биладида, биз ўйлаб кўрмабмиз...» деди.

Ҳозиргача мактабда ота-оналар ва биз ўқитувчилар ўртасида болаларни ҳеч бўлмаганда қизиққан касби бўйича бўлса-да ўқитиш юзасидан «мафкуравий жанг» кетмоқда. Озгинча ўзгаришлар пайдо бўлмоқда. Мактабимиз фаррошлари ҳам келиб боласини ўқитиш масаласида маслаҳатлар сўрашяпти.

Ҳозирча дарсларим ўзим учун зерикарли бўляпти, чунки ўқувчилар на тўполон қила олади ва на дарсда фаол бўлиб қатнаша олади...
Ўтган йил ишламай юрган пайтимда ҳам қизиққаним учун туман миқёсида 3-4-синфлар учун олимпиада ўтказган эдим. Бу йил ҳам мактабдаги ўқувчилар орасидан иқтидорлиларни саралаб олай деб, туман миқёсида 3, 4, 5, 6, 7 ва 8-синфлар орасида олимпиада ўтказдим. Мактаб учун нималарнидир қилиш ҳаракатида юрибман...

Бошқа яхшироқ мактаб ва лицейлардан ҳам ишга таклифлар бўлиб турибди, лекин ҳозирги ҳудуддаги ўқувчиларга ачиниб кетяпман.
10-синфда яхши ўқувчилар бор. «Вақтларинг кам, мавзу бўйича анча орқадасизлар, дарсдан кейин келинглар  тўгаракка, ТEКИН» десам, «домла,  дарсдан кейин қайтиб келишимизга мактабга юборишмайдида» дейди. Ҳатто, бир қиз «барибир мани ўқитишмайди» деб йиғлайди. 

Ээээ, одамни кўнгли эзилиб кетаркан...
Мактабда ҳозир мени 3-4-синфлар ҳам танийди. Сабаби, вақт топсам синфига кириб ўқиса яхши бўлиши, президент мактаблари шароитлари кабилар ҳақида гапираман, кундаликларига ҳар хил уларни хурсанд қилувчи сўзлар ёзиб бериб чиқиб кетаман.

Бир қизча бор. 3-синфда ўқийди. Исми Воҳидажон.  Мени кўриб қолса узоқда бўлса ҳам қўлини силкитиб ўтиб кетади. Сабаби ҳар кўрганимда, «Воҳидажон, Сиз ўқишингиз керак-а, яхши ўқияпсизми...» деб сўраб қўяман. Уни кўрганимда кўнглим ғалати бўлиб кетади, ўзимга ҳам ибрат оламан: эрталаб кўрсангиз синфдошлари билан бир хилда югуриб хурсанд юрган бўлади, тушдан кейин (соат 16-17 ларда) онасига ёрдам бераётган бўлади, яъни мактабда фаррошлик қилади: челакда сув ташийди, стулларни кўтариб қўяди, латтани ювади... Шундаям хурсанд, қилаётган ишидан жирканмайди, жуда беғубор... Ёш бошига...
Мана шунақа гаплар. Яхши ниятда юрибмиз. Қайсидир йили 100 фоиз ўқувчиларимизни олий таълимга киришидан умидвор бўлиб ҳаракат қилиб турибмиз.

Математика ўқитувчиси бўлиш учун мен воз кечган лавозимлар:
 -туман молия бўлими мудирининг биринчи ўринбосари лавозими,
-туман ҳокимлиги бош мутахассислигидан аризамга асосан;
- Республика маънавият ва маърифат маркази бош бухгалтерлигини;
-«Ўқитувчи» нашриёти бош бухгалтерлигини;
- Фармацевтика агентлиги директорига ёрдамчи лавозимини;
- ЎзМУ иқтисодиёт факультетида ўқитувчиликни;
- Артелнинг йирик диллерлик фирмасига бош бухгалтерликни;
- туман ХТБ бош бухгалтерликни;
- туман Ғазначиликда ўринбосарликни;
- туман Пенсия жамғармасида нафақа тайинлаш бўлими бошлиғи лавозимини;
- туман Архитектура бўлимида бош мутахассисликни;
- вилоят Молия бош бошқармасида бош мутахассисликни;
- вилоят Давлат молиявий назорати бошқармаси (КРУ) инспекторликни;
- вилоят хокимлиги иқтисодиёт бошқармасини;
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш институтида тадқиқотчиликни;
- вилоят халқ таълими бошқармасида иқтисод бўлими бошлиғи лавозимини;
- туман мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосарлигини;
- хусусий фирмалар бухгалтериясини... рад этдим.

Ўзимча ўйладимки, математика ўқитувчиликда жамиятга кўпроқ фойдам тегади (яна билмадим, балким яхши ўқитувчи чиқмас мендан).
Юқоридаги мен рад қилган лавозимларда эса, исталган одам ишлай олади...
Ҳикоя тугади.

Юқоридаги ёзганларни ўқиб бундай йигитга ҳурмат ва ҳавасим чексиз ортди.  Бу бизнинг,  педагогика касбининг фахрларидан бири, УСТОЗ деган касб барча касблардан яхши эканини ҳаёти ва ўз ишларида кўрсатиб исботлаб берган ҳамкасбимиз.
У бизнинг қаҳрамонимиз, у бизнинг Дуйшенимиз!!!
Омад ёр бўлсин!

Исроил Тиллабоев
скачать dle 12.0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
Исмингиз: *
Е-mail: *
Код: Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Кодни киритинг:

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

22:47
Жиззах вилоят адлия бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди
22:26
Ғаллаоролда ногиронлиги бўлган ёшларга хомийлар қандай ёрдам кўрсатди?
17:54
ДХА Жиззах вилоят бошқармаси тизимидаги ёшларнинг муаммолари ўрганилди (видео)
17:49
Гандболчи ёшлар 4-сектор раҳбари соврини учун беллашдилар
17:23
BMB Trade Group ва «Сўғдиёна» ПФК ўртасида ҳомийлик тўғрисидаги битим имзоланди (Фото)
17:05
Жиззахда 6000 дан ошиқ яширилган иш ўринлари ошкор бўлди
16:15
Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ катта инспектори кўпчилик томонидан тушаётган саволга жавоб берди (видео)
14:51
Зоминда "Обод қишлоқ" дастури доирасида қандай ишлар амалга оширилди?
13:11
4-сектор сайёр қабул: мурожаатлар ечими биргаликда изланди
10:57
Дўстлик туман Давлат хизматлари маркази фуқаролар дуч келаётган муаммоларни аниқлади. Улардан бири - ЭРИ калитини олиш
10:54
2021 йилнинг биринчи чорагидаги Жиззах вилоятининг статистик кўрсатгичлари маълум қилинди (видео)
09:33
Одил Аҳмедов терма жамоамизнинг ЖЧ саралаш ўйинларига қадар тиклана оладими?
09:31
Озодбек Назарбеков вазирликдан бўшаганидан сўнг нима иш қилишини айтди
09:30
Уйини ўғри уриб кетди деб ўйлаган аёлнинг хонадонини аслида ити вайрон қилгани маълум бўлди
09:29
Отабек Сатторий 6 йил-у 6 ой муддатга «кесилди»
09:28
Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити куни белгиланди
БАРЧА ЯНГИЛИКЛАР