2021 йилда солиқ текширувлари қандай ташкил этилади?

2021 йилда солиқ текширувлари қандай ташкил  этилади?

Президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида солиқ текширувларига мораторий муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди. Аммо камерал ҳамда сайёр солиқ текширувлари ўтказилмоқдаки, бу солиқ тўловчиларда саволларни пайдо қилмоқда.. Солиқ текширувлари нима ва у қандай ҳолларда ўтказилади?

Таъкидлаш жоизки, эълон қилинган мораторий фақат солиқ аудитига татбиқ этилади ҳамда солиқ хизмати органи ходимларининг солиқ тўловчи ҳудудига ташриф буюрган ҳолда охирги 5 йиллик бутун молия-хўжалик фаолиятини текширишдан иборат бўлади. Умуман, 2018 йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида текшириш ўтказишга икки йиллик мораторий эълон қилинган эди. Коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилда «мораторий» муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди. Ўз ўрнида солиқ мониторинги назоратининг замонавий усулидан иборатлигини инобатга олган ҳолда эълон қилинган мораторий инсофли солиқ тўловчиларнинг фаолиятига ўз ижобий ҳиссасини қўшишини назарда тутиш керак.

Камерал солиқ текшируви ва сайёр солиқ текширувлари эса, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини тўлиқ қамраб олмайди. Умуман, солиқ текширувлари Солиқ кодексининг 137-моддасига асосан 3 та турда ўтказилади.

Биринчи тур – камерал солиқ текшируви. Бу текшириш Солиқ кодексининг 138-моддасига биноан, солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботлари ва солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни таҳлил этиш асосида ўтказилади. Агар солиқ ҳисоботидаги тафовутлар ёки хатолар аниқланса, солиқ органи томонидан икки кун муддатда солиқ тўловчига уларни ўн кунлик муддатда бартараф этиш тўғрисида талабнома юборилади.

Агар камерал солиқ текшируви пайтида солиқ тўловчи томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланса, текширувчи мансабдор шахс томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан далолатнома тузилади. Текшириш натижалари солиқ органи ва солиқ тўловчи иштирокида кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади. Солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорга асосан қўлланилган молиявий санкция суммалари солиқ тўловчи томонидан қарор олинган кундан эътиборан ўн кун муддатда ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори икки бараварга камайтирилади, яъни солиқ тўловчи 10 кун муддатда молиявий санкция суммасининг ярмини тўлаши мумкин бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, солиқ тўловчи солиқ органининг қарори устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиши мумкин бўлади.

Иккинчи тур – сайёр солиқ текшируви ҳисобланади. Бу текшириш Солиқ кодексининг 139-моддасига биноан, солиқ тўловчиларнинг солиқлар соҳасидаги айрим мажбуриятларининг бажарилишини текшириш йўли билан амалга оширилади. Сайёр солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар, солиқ хавфи электрон дастури, валюта операциялари бўйича мониторингда аниқланган ҳолатлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар маълумотлари асосида ўтказилади. Сайёр солиқ текшируви ягона тизим орқали Бизнес вакилни хабардор қилиш асосида ўтказилади. 

 Хронометраж кўздан кечириш, назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши, солиқ тўловчи ишчилар сони, бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларининг тўхташ жойлари, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари, ер қаъридан фойдаланувчи солиқ тўловчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмлари, банкларда тўлов топшириқномаларининг ва инкассо топшириқномаларининг ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, активлар ва мажбуриятлар инвентаризациясини ўтказиш ҳолатлари текширилади.

Учинчи тур – солиқ аудити. Бу текшириш Солиқ кодексининг 140-моддасига мувофиқ, юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларга нисбатан жойига чиққан ҳолда амалга оширилади.  Бюджет тизимига солиқ ва йиғимлар тўланмаслиги ёки тўлиқ тўланмаслигига олиб келиши мумкин бўлган, солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятларини бажармаслик солиқ хавфи деб эътироф этилади. Солиқ хавфи даражаси солиқ хавфи мезонлари асосида аниқланади ва 1 дан 100 гача баҳоланади, бунда хавф даражаси 81 дан 100 гача бўлганда юқори хавф гуруҳи деб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, жорий йилда солиқ идораларида “Таҳлика-таҳлил” дастури дастури ишга туширилмоқда.  Ушбу дастур ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Давлат солиқ қўмитаси томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, солиқ органларида мавжуд ички ва ташқи маълумотларни умумлаштирган ҳолда автоматик тарзда ишлайди.

Дастурни ишга туширишдан кутилаётган натижа – бу солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш бўлиб, кичик хато ва камчиликларга йўл қўйган солиқ тўловчиларга уларни тўғрилашга ёрдам беради. Ўз ўрнида, қасддан бўйин товлаш ҳолатларини ҳам аниқлаш имконини яратади. Таҳлика-таҳлил дастури асосида солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи даражаси аниқланади ва сегментларга ажратилади. Солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи даражаси дастур орқали аниқланади ва 1 дан 100 гача бўлган оралиқда баҳоланади.

Солиқ тўловчиларнинг сегментларга ажратилиши солиқ назорати турларининг ҳаққоний қўлланилишини таъминлайди. Солиқ хавфи даражаси паст («яшил» йўлакда) бўлган солиқ тўловчиларга ҳеч қандай солиқ текширувлари тайинланмайди. Солиқ идоралари фаолиятига рақамлаштиришни жорий этиш шуниси билан афзалки, тизимда шаффофлик ва тезкорлик таъминланади, “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тамойилининг амалга ошувига хизмат қилади.

 

Эркин НАРМАНОВ,

Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари