Қочаётган Россия: руслар қаёққа кетяпти?

Қочаётган Россия: руслар қаёққа кетяпти?

2022 йилда юз минглаб россияликлар охирги марта самолёт ойнасидан пастга қарашди.

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери россияликлар бошқа мамлакатларга кўчиб кета бошлади - кимдир урушга рози бўлмагани учун, кимдир сафарбарлик доирасида фронтга кетиш хавфи туфайли. Ўтган йили камида 155 минг Россия фуқароси Европа, Туркия ва МДҲда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олган.

2022 йилда тахминан 15 минг киши Европа Иттифоқидан сиёсий бошпана сўраган - аммо уларнинг фақат 2 мингдан бир оз кўпроғига ижобий жавоб берилди, холос.

Россиядан сўнгги ўн йилликлардаги энг катта эмиграция тўлқини қандай кўринишга эга бўлди?

Четга кетган россияликлар сони қанча?

Олимлар 2022 йилдаги эмиграция тўлқинини Октябр тўнтариши ва фуқаролар уруши давридаги оқ эмиграция билан солиштирмоқда. Ҳозирги тўлқиннинг кўлами ҳали сезиларли даражада кичикроқ кўринади.

1920 йилга келиб, Қизил Хоч ташкилотига кўра, Россияни 2 миллионга яқин одам тарк этган эди. Ҳозирги эмиграция тўлқинига келсак, ҳисоб-китоблар бир-биридан жуда фарқ қилади - бир неча юз мингдан миллионгача.

Мамлакатда содир бўлаётган воқеаларнинг акс-садоси Кремлга ҳам етиб келди. Кремлнинг узун коридорларидаги амалдорлар узоқ вақт давомида мамлакатда нимадир нотўғри кетаётганлигини сезишмади. Энди ҳолатни кўргач, улар нега руслар ўз ватанларини оммавий равишда тарк этаётганидан ҳайрон-у лол. Бу борада Президент Путин сўнгги чора сифатида  аҳолининг четга чиқиб кетишини камайтириш учун навбатдаги фармонини имзолади. Ҳужжатда чет элликлар томонидан Россия фуқаролигини олишни соддалаштириш ҳақида ҳам сўз боради.

Бунинг сабаби нимада? Фармондан кўриниб турибдики, бу 2022 йилда содир бўлган ижтимоий-иқтисодий шароитларнинг ўзгариши билан боғлиқ. Шу сабабли, одамларнинг мамлакатни тарк этиш истагидан қайтариш учун бир қатор ижтимоий ва молиявий механизмларни яратишга қарор қилинди.

Айни пайтда, аҳолининг чиқиб кетишида уларнинг ўз молиявий аҳволини яхшилаш деб ўйламаслик керак. Россиядан кетганларнинг саргузаштларини ўқисангиз уларнинг ватанда яхшироқ, бойроқ яшагани, кўчиб-қочиб борган юртларда аҳвол уйдагидек эмаслигига гувоҳ бўласиз. Уларни бундай қарорга, иссиқ ўрнини совутиб номаълум мамлакатга кетишга нима ундаган? Деярли барча ҳикояларда ҳокимият сиёсати, Россияда фуқаролик жамияти институтларининг йўқлиги, фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликларининг босқичма-босқич йўқ қилиниши эслаб ўтилади. Россияда қонунлар кескинлашув тенденцияси билан тезда ўзгариб бормоқда. Арзимаган сўз, кийимдаги сариқ-кўк ранглар, тармоқдаги лайк туфайли «армияни обрўсизлантириш» ёки шунга ўхшаш айблов қўйилиши мумкин. 

Аҳолининг Россиядан чиқиб кетишини винтларни бураш ва мухолифатни таъқиб қилиш сиёсати билан изоҳлаш мумкин. Сиёсатнинг қаттиқлашиши Россияга зарар келтира бошлади, унинг ривожланишини тўсиб қўйди ва фалаж қила бошлади. Агар сиёсатни ва умуман мамлакатни демократлаштириш амалга оширилмаса, Россия аҳолисининг деярли учдан бир қисми чиқиб кетиши мумкин. Чегараларни ёпиш ва «темир парда»ни туширса бўлар, фақат у ҳолда чегарачилар сонини кўпайтиришга тўғри келади. Чунки одамлар ўрмонлару, ботқоқликлардан қўшни мамлакатларга қочишни бошлашади. Пул ва "ижтимоий дастурлар"ни кўпайтириб «олтин қафас» ҳам ясаш мумкиндир, аммо ундан ҳам қочадиганлар топилади.

Эркинликни пулга сотиб бўлмайди, олтин қафасда булбул ҳам сайрамайди. Қачонки эркинликлар бўлмаса, эртанги кунга ишонч бўлмаса, ҳеч қандай пул ва “ижтимоий дастурлар” буни тузата олмайди. Улар пул ва ижтимоий ёрдам учун эмас, эркинлик ва демократик институтлар учун қочишмоқда.

Ажабо, мамлакатдан пули борлар қочиб кетмоқда: IT мутахассислари, муҳандислар, шифокорлар, фаоллар, журналистлар, ижодкорлар, дизайнерлар, рассомлар. Тўғри, қочаётган одамлар олигархлар эмас, лекин ўзига тўқ ўрта синф.

Улар асосан Қирғизистон, Қозоғистон, Грузия, Арманистон, Туркиядан бошпана излашяпти. Демократия ва фуқаролик эркинликлари билан унчалик мақтана олмайдиган мамлакатлар. Лекин нима қилиш керак? Демократияси юқори давлатларга боришда виза муаммолари бўлса… Бу мамлакатларга бориш АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Канада, Норвегияга қараганда осонроқ. Бу ерда Ғарб давлатларининг виза сиёсати айбдор. Агар мураккаб виза шартлари бўлмаса, улар аллақачон  Ғарб давлатларига қочиб кета қолишарди.



Европа давлатларида россияликларга бошпана берилган ва берилмаган ҳолатлар.

Қочқинлар аҳмоқ эмас, аксинча, улар пул тақчиллигидан азият чекмаган юқори малакали россияликлардир, уларни "ижтимоий дастур" қизиқтирмайди. Бу одамлар ўз тажриба ва малакалари билан Ватан равнақи учун меҳнат қила олишарди. Россияда ва Россия манфаати учун ишлаш ўрнига, улар бир неча ой ичида улар кетган мамлакатлар иқтисодиётининг ўсишини сезиларли даражада тезлаштиргани айтилмоқда. Масалан, релокантларнинг келиши билан Грузияда ялпи ички маҳсулот ўсиши 10 фоизни, Арманистонда – тахминан 13 фоизни, Қирғизистонда – 7 фоизни, Қозоғистонда – 3 фоизни ташкил этди, деб иддао қилишади. Бунинг қанчалик ҳақиқатга мослигини айтиш қийин. Лекин нима бўлганда ҳам муҳим ихтисосликларга бўлган талабнинг қанчадир фоизи келгинди рус мутахассислари ҳисобига  қондирилгани аниқ.

Арманистон иқтисодиёт вазири Вахан Керобяннинг расмий маълумотларига кўра, мамлакатга юз мингдан ортиқ россиялик келган.

Маълумотларга кўра, 33,7 минг россиялик Америка Қўшма Штатлари билан чегарани кесиб ўтиш учун  Мексикага келган ва ушбу минтақа учун одатий бўлган Лотин Америкаси ноқонуний муҳожирларини ортда қолдирди.

Қочқин даври қачонгача давом этади?

Бир неча йил ичида вазият ўзгариши мумкинми? Йўқ, - дейди  Москвада деярли 20 йил ишлаган ва россиялик ҳамкасблари билан Дубайга кўчиб ўтган адвокат Скотт Энтел.

Чунки Украина билан уруш ҳаракатлари ҳали-бери тугашига ишонч йўқ. Россия ҳукумати эмиграция йўлини репрессив йўллар билан тўсиб қўя олмайди. Турли фармон, қарорларни ҳам четлаб ўтиб, ноқонуний йўллар билан урушдан қочадин россияликлар сони кўпайса кўпаядики, камаймайдиганга ўхшайди.

Интернет маълумотлари бўйича Ёқуб Умар тайёрлади

Манба: Azon.uz