Ёмон хотиралар инсультга олиб келиши ростми? Тадқиқот натижалари нима дейди?

Улашиш:

Оммавий ахборот воситаларида ёмон хотиралар ва салбий ҳис-туйғулар юракка салбий таъсир қилиши, ҳатто инсультга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Factchecknet.uz ушбу маълумотни текшириб чиқди.

Ҳукм: Қисман рост

Колумбия университетининг Ирвин тиббиёт маркази кардиология бўлими профессори Дайчи Шимбо раҳбарлигида ўтказилган тадқиқотда салбий ҳис-туйғулар, айниқса, ғазабнинг юрак ва қон томирларига таъсири ўрганилган. Ушбу тадқиқот 2024 йилда “Journal of the American Heart Association” журналида эълон қилинган.

Тадқиқот тафсилотлари:
Олимлар турли ҳис-туйғулар қон томирларига қандай таъсир қилишини ўрганиш учун 8 дақиқалик тажриба ўтказишган. Унда иштирокчиларга қуйидаги эмоционал ҳолатларни бошдан кечириш топширилган:

  • Ғазаб: уларни ғазаблантирган воқеани эслаш
  • Ташвиш: хавотирли ҳолат ҳақида ўйлаш
  • Қайғу: депрессив ва қайғули жумлаларни ўқиш
  • Нейтрал ҳолат: ҳис-туйғуларга таъсир қилмайдиган машғулот (масалан, 100 гача санаш)

Тадқиқотда иштирокчилар 30 дақиқа дам олгандан сўнг, уларнинг қон босими, юрак уриши, қон оқими ва қон томирларининг кенгайиш даражаси ўлчанган.

Ғазаб ва қон томирлари

Натижаларга кўра, ғазаб қон томирларининг кенгайишини секинлаштирган ва уларнинг тикланиш жараёнини узайтирган. Бу эса юрак-қон томир тизими учун хавфли ҳисобланади. Ғазабнинг таъсири 40 дақиқагча давом этган, лекин унинг давомли ва такрорий бўлиши юрак хасталиклари ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Қолаверса, ташвиш ва қайғу ҳис-туйғулари қон томирларига бундай кучли таъсир кўрсатмаган. Бу эса айнан ғазабнинг доимий бўлиши инсульт ва юрак касалликларининг ривожланишига таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади.

Салбий ҳис-туйғуларни бошқариш учун маслаҳатлар

  • Чуқур нафас олиш, йога, медитация – асабийликни камайтиради
  • Муҳитни ўзгартириш – осуда жойларда дам олиш
  • Ҳазил ва ижобий мулоқот – стрессни камайтиришга ёрдам беради

Яширин инсульт ва хотира муаммолари

Шунингдек, яширин инсультлар инсон хотираси ва фикрлаш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

2024 йил 3 январь куни “Neurology” журналида эълон қилинган тадқиқотда 650 нафар одамнинг мия MRX сканерлари орқали текшируви ўтказилган. Натижада 170 нафар иштирокчининг миясида қон таъминоти етишмовчилиги сабабли кичик ўлик тўқималар аниқланган.

Бу миёнинг муайян қисмларига кислород етишмаслиги сабабли юзага келган, лекин одамлар бу жараённи ҳис қилмаган. Олимлар бу ҳодисалар хотира ва фикрлаш қобилиятига таъсир қилишини аниқлашган.

Яширин инсультлар вақт ўтиши билан мия функцияларини ёмонлаштириб, хотира ва ақлий қобилиятлар пасайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолат, айниқса, ёши катта инсонларда деменция хавфини оширади.

Хулоса

  1. Ғазаб, айниқса, узоқ давом этса, юрак ва қон томирларига салбий таъсир қилиши мумкин.
  2. Салбий ҳис-туйғуларни бошқариш инсульт ва юрак касалликлари хавфини камайтириши мумкин.
  3. Яширин инсультлар инсон хотираси ва фикрлаш қобилиятига салбий таъсир қилиши мумкин.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.