Малайзиялик автоконцерн Ўзбекистонда Proton Saga седани ва электромобиллар йиғишни таклиф қилган

Малайзиялик автоконцерн Ўзбекистонда Proton Saga седани ва электромобиллар йиғишни таклиф қилган

“Дунё” АА хабар беришича, Малайзия автоконцерни Ўзбекистонда Proton Saga седани ва электромобиллар йиғишни таклиф қилган.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмановнинг Protonнинг янги бозорлар ва стратегияни ривожлантириш департаменти раҳбари Санжай Васудева билан музокаралари якунида маълум бўлган.

Proton автоконцерни 1983 йилда Малайзиянинг собиқ Бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад томонидан ташкил этилган. Компаниянинг биринчи автомобили 1985 йилда ишлаб чиқарилган. Сўнгги 37 йил ичида компания 28 хил моделни ишлаб чиқарган ва дунёнинг 73 мамлакатига 5 миллионга яқин автомобилни экспорт қилган.

Санжай Васудеваннинг айтишича Малайзия компанияси “Ўзавтосаноат” билан ҳамкорликдан манфаатдордир, чунки Ўзбекистон автомобиль маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилиш маркази сифатида муҳим ўрин тутади.

Шу муносабат билан, Малайзия томони ўзаро ҳамкорлик доирасида ва биринчи қадам сифатида Proton Saga седани (“В” тоифасига тегишли) ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тайёр эканлигини, қолаверса, келажакда ишлаб чиқарилган моделлар сонини ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиши борлигини билдирган.

Музокаралар натижасида Малайзиянинг Proton ва “Ўзавтосаноат” компанияси раҳбарияти ўртасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича мумкин бўлган ҳамкорликни муҳокама қилиш учун онлайн музокаралар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилган.

скачать dle 12.0


Flag Counter