“Ўзавтосаноат” Хитойнинг йирик электромобиллар ишлаб чиқарувчиси BYD билан меморандум имзолаган

Улашиш:

Кеча “Ўзавтосаноат” Хитойнинг йирик электромобиллар ишлаб чиқарувчиси BYD билан меморандум имзолаган.     

Мазкур янгилик тўғрисида “Ўзавтосаноат” бошқарув раисининг   иқтисодиёт бўйича ўринбосари Азизбек Шукуров ўзининг linkedinдаги аккаунтида маълум қилган.

У иккала компания ўртасидаги ҳамкорлик тафсилотларини айтмаган бўлсада, бу ҳужжат Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришга қўйилган илк қадам эканлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта охирида Шавкат Мирзиёев “Ўзавтосаноат”га 2022 йил охиригача хорижий компаниялар билан музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистонда электромобиллар йиғиш бўйича стратегик ҳамкор танлаш бўйича топшириқ берган эди.

BYD компанияси бошқа хитойлик автомобиль ишлаб чиқарувчилар орасида ноёб илмий ишланмаларнинг йирик базаси, автомобиль дизайнига бўлган инновацион ёндашуви, ўз аккумуляторлари ва гибрид қурилмаларини ишлаб чиқариши, шунингдек, яхши ташкил этилган дилерлар тармоғи билан ажралиб туради.

Марка тарихи 2003 йилда бошланган. Ўшанда мобил телефонлар учун батареялар ишлаб чиқарадиган BYD Company банкрот бўлган Хитойнинг Tsinchuan Auto автомобил компаниясини сотиб олган эди.

Айни пайтда BYD дунёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бизнес-класс машиналари, кроссоверлар, гибрид автомобиллар, электромобиллар ва электробуслар ишлаб чиқаради. Компаниянинг ишлаб чиқариш базалари тўртта шаҳар: Пекин, Шанхай, Шэньчжэн ва Сианда жойлашган. Ҳар йили автомобилсозлик компаниясининг тадқиқот ва ривожлантириш гуруҳи автомобилсозлик соҳасида 500 га яқин патент олади.

Яқинда BYD ички бозорда қарийб юз мингта электромобиль сотиб, ҳаттоки Теслани ҳам ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Энг қизиғи - бир неча йил олдин америкаликлар хитойлик конструкторларни ўзларига рақобатчи деб ҳисоблашмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.