Биология фанидан миллий сертификат учун ўтказилган тест натижалари эълон қилинмаслиги айтилди

Биология фанидан миллий сертификат учун ўтказилган тест натижалари эълон қилинмаслиги айтилди

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биология фанидан 10 июнь куни миллий сертификат учун ўтказилган тест натижалари эълон қилинмаслиги айтилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар берди.


Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, тест синови натижалари Давлат тест маркази томонидан ҳисобланиб, таҳлил қилинган. Ўрганиш давомида биология фани бўйича тест натижалар тестология мезонлари бузилгани, аниқроқ қилиб айтганда натижалар айрим ҳудудларда жуда юқори экани аниқланган.

Шунингдек, талабгорларнинг биология фанидан мактабда олган ўртача баҳолари билан тест синовидаги натижалари ўртасида фарқ юқори экани қайд этилган. Таъкидланишича, бу оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлган ва халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда биология фанидан миллий сертификат учун ўтказилган тест синови натижалари эълон қилинмаслиги маълум қилинган.

Шу билан бирга, синовда иштирок этган барча талабгорларнинг тўлови тўлиқ қайтарилиши айтилган. Хабар қилинишича, уларга қолган абитуриентлар каби олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида мутахассислик фанларининг ҳар биридан 20 та тест топшириғи (миллий сертификат имтиҳонидаги 50 та тест топшириғи ўрнига) ва 1 соатдан вақт берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДТМ саволларнинг «х» варианти тарқаб кетгани айтилган хабарга изоҳ берган. Шунингдек, тест маркази абитуриентларга рухсатнома бериш бошланганини маълум қилган.