Ўқ узилган қора «Малибу» ҳайдовчиси ашаддий қоидабузар бўлиб чиқди

Ўқ узилган қора «Малибу» ҳайдовчиси ашаддий қоидабузар бўлиб чиқди

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган ва қурол ишлатиб тўхтатилган «Malibu» ҳайдовчиси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Жорий йилнинг 7 январь куни, соат тахминан 15.00ларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси бўйлаб 1976 йилда туғилган, кучли даражадаги маст ҳолатида бўлган, фуқаро А.А. бошқарувидаги «Malibu» автотранспорти, шу ерда хизмат ўтаётган ЙҲХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзгаларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солган ҳолда қочишга уринган.

Ҳайдовчининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатларнинг олдини олиш мақсадида, ЙПХ ходимлари белгиланган тартибда ўқ отар қуролини қўллашганди.

«Юнусобод тумани, Янгишаҳар кўчасида йўлнинг қарама-қарши томонидан «Malibu» русумли давлат рақами бўлмаган автоулов катта тезлик билан ҳаракатланиб келаётган пайтда йўлнинг ўртасига чиқиб, диққат ишорасини бердим. Ишорага бўйсунмасдан ҳаракатланиб, фуқаролар ҳаётига хавф солганлиги ва ходимларнинг қонуний талабларини бажармаганлиги сабабли ИИВ меъёрий буйруқ ҳамда талабларига асосан қурол қўллашга мажбур бўлдим», — деди ЙПХ инспектори Элшод Раҳматов.

Ҳайдовчига тегишли ҳужжатлар ўрганилганида ушбу фуқаро 2006 йилда жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди томонидан ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми, яъни транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши ярашув билан тугатилган.

2007 йилда худди шу турдаги жиноят иши амнистияга асосан якунланган.

Шунингдек, ҳайдовчи 2021 йилда ҳам қатор йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этиб, 7 900 000 сўмдан зиёд жаримага тортилган.

«Бир ўзим Белдирсойга бордим. Ўша ерда спиртли ичимлик истеъмол қилдим. Тўрт кун турдимда, бу ер қимматлик қиларкан деб ҳисоб-китоб қилишим керак эди. Пулим етмай қолди, Тошкентга дўконимдан пул олиш мақсадида келгандим. Ходимларнинг тўхтатиш ишорасига бўйсунмадим… Ўзимнинг хатти-ҳаракатларимга жавоб беролмай қолдим, ароқ ичдим, пиво ичдим, кейин «вообще» ўчиб қолибман», — деди «Malibu» ҳайдовчиси.

Ҳайдовчи спиртли ичимлик ичгани оқибатида бу каби қоидаларни бузиб, тартибсизлик қилганидан пушаймон эканлигини айтиб ўтган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: ЖКнинг 219-моддаси билан айбланган шахс қонунда 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.