Йўқолган мактаб шаҳодатномасини my.gov.uz орқали 5 кунда топиб олиш мумкин

Йўқолган мактаб шаҳодатномасини my.gov.uz орқали 5 кунда топиб олиш мумкин

 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан халқ таълими тизимида яна бир давлат хизмати ишга туширилди. Мазкур тизим орқали йўқотилган мактаб шаҳодатнома дубликатини онлайн олиш имкони яратилган.
Илгари йўқотилган мактаб шаҳодатномасини топишга ойлаб, йиллаб вақт кетар эди. Эндиликда янги хизмат доирасида шаҳодатнома дубликати 5 кунда берилади.

Шаҳодатнома дубликатини олиш учун my.gov.uz орқали ариза юборилади ва дубликат электрон шаклда портал орқали берилади.

Тизим ишга тушмасдан олдин ариза бериш учун ҳам, ҳужжатни олиб кетиш учун ҳам мактабга келинган. 5 тагача ҳужжат тақдим этилган. Улар ариза, ҳужжат йўқолгани ҳақида газета эълони, топилмалар идорасидан маълумотнома, паспорт нусхаси, фамилия ўзгаргани ҳақида ФҲДЁ бўлимларидан маълумотнома тақдим этган.

Ҳозирда ариза онлайн шаклда, инсон омилисиз қабул қилинади. Шахсий маълумотлар автоматик тарзда бошқа тизимлар билан интеграция қилинади ва бошқа ҳеч қандай ҳужжат сўралмайди.

Бугунги кунга қадар 8 мингдан ортиқ фуқаролар шаҳодатнома дубликатини масофадан олишга улгурди.