Алишер Усмоновнинг улкан яхтаси мусодара қилинди

Алишер Усмоновнинг улкан яхтаси мусодара қилинди

Германия ҳукумати Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатлари муносабати билан Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг яхтасини мусодара қилди. Бу ҳақда Forbes нашри хабар бермоқда.

Россиялик олигархнинг яхтаси Гамбургдаги Blohm + Voss кемасозлик заводида 2021 йил октябрь ойидан бери таъмирлашда бўлган. Америка нашри хабарига кўра, чоршанба куни кемани таъмирлаш билан шуғулланувчи мутахассислар ишга келмаган. Бунга Германия расмийларининг Усмоновнинг мол-мулкини ҳибсга олиш қарори сабаб бўлгани айтилади.

Усмоновнинг ушбу яхтадан ташқари Лондон, Мюнхен ва Монакодаги виллалари ҳам бор.

156 метрли «Дилбар» яхтасининг нархи 600 миллион долларга баҳоланади. Таъкидланишича, бу дунёдаги энг катта моторли яхта бўлиб, унинг экипажи 96 кишидан иборат.

Аввалроқ Европа Иттифоқи россиялик миллиардерларга нисбатан санкциялар қўллагани ҳақида хабар қилинганди.