Медведев Украинага “энг даҳшатли” атом бомбаси билан таҳдид қилди

Медведев Украинага “энг даҳшатли” атом бомбаси билан таҳдид қилди

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев бир ҳафта ичида иккинчи марта ядро қуролидан фойдаланилиши эҳтимоли ҳақида баёнот билан чиқди.

Медведев 27 сентябр куни Telegram'даги каналида Россияни ядровий қуролдан тийилишга қаратилган Ғарб давлатларининг чақириқларига муносабат билдирди. Бундай чақириқлар РФ президенти Владимир Путиннинг ўтган ҳафтадаги навбатдаги ядровий таҳдидидан кейин янграган эди. Хусусан, АҚШ Россияни ядровий ҳужумга жавобан “фалокатли оқибатлар”дан огоҳлантирган эди.

Медведев ўзининг ҳақоратли постида Ғарбнинг баёнотларини “сўзлар воситасидаги одатий ич кетиши”, “диареяли демагогия фаввораси” деб таърифлади, НАТОни эса “кўпикли Атлантика тупуги” деб атади.

Фақат ўзини эшитадиган карларга яна бир марта эслатишга тўғри келади. Агар бунга зарурат бўлса, Россия ядро қуролини қўллаш ҳуқуқига эга. Аввалдан белгилаб қўйилган вазиятларда. Ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати асосларига қатъиян мувофиқ ҳолда. Бизга ёки иттифоқчиларимизга шундай турдаги қуроллар билан ҳужум қилинган тақдирда. Ёки оддий қуролларни қўллаш орқали қилинган агрессия давлатимизнинг мавжудлигига таҳдид туғдирган тақдирда. Яқинда Россия президенти ҳам бу ҳақда очиқчасига гапирди”, деди Медведев.

РФ ХК расмийсининг қўшимча қилишича, Россия “ўзига душман қўшнилари”нинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик учун барча ишни қилади. Медведев мисол қилиб Украинани келтирди ва бу давлатни гўё “НАТО давлатлари бошқараётгани”ни иддао қилди.

Улар тушунишади: агар Россияга таҳдид белгиланган хавф даражасидан ортиб кетса, жавоб қайтаришимизга тўғри келади. Ҳеч кимдан рухсат сўрамаган ҳолда, узоқ муҳокамаларсиз. Ва бу аниқ блеф эмас”, – дея ёзди Дмитрий Медведев.

Унинг сўзларидан англаш мумкинки, Москва Украинага ядровий ҳужум қилган тақдирда ҳам НАТОнинг можарога тўғридан тўғри аралашмаслигига умид қилмоқда.

Тасаввур қилайлик, Россия ўзининг мавжудлиги учун таҳдид бўлган, кенг миқёсли агрессия актини содир этган украин режимига қарши энг даҳшатли қуролни қўллашга мажбур бўлди. Менимча, НАТО бундай ҳолатда ҳам низога тўғридан тўғри аралашмайди. Ахир Шимолий Атлантика алянси учун ҳеч кимга кераксиз, ўлиб кетаётган Украинадан кўра Вашингтон, Лондон ва Брюсселнинг хавфсизлиги муҳимроқ”, – деди РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

Маълумот учун, Дмитрий Медведев 22 сентябр кунги постида Россия нафақат сафарбарлик имкониятларидан, балки “ҳар қандай, хусусан стратегик ядро ва янги принциплардаги қуроллардан ҳам” фойдаланишга тайёрлигини билдирган.