Туркияда мудҳиш ҳолат қайд этилди

Туркияда мудҳиш ҳолат қайд этилди

Туркияда коронавирусдан вафот этганлар сони бир кеча-кундузда 141 кишини ташкил этди. Бу пандемия бошлангандан бери энг юқори кўрсаткичдир. 20 ноябрь куни 5103 та касалланиш ҳолати қайд этилди, дея хабар берди республика соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бундан аввалги энг юқори ўлим кўрсаткичи 19 апрель куни кузатилганди — ўшанда 127 бемор ҳаётдан кўз юмди.

«Бугун 5103 та янги COVID-19 ҳолати қайд этилди, жами касалланганлар сони — 435 273. 141 бемор оламдан ўтди, жами вафот этганлар сони — 12 084. 3990 нафар беморнинг аҳволи оғир», — дейилади Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кожа коронавирус пандемияси Туркияда иккинчи чўққисига етганини маълум қилганди.

Олдинги кунлари мамлакатда сўнгги етти ой ичида кунлик коронавирусга чалинишлар ва вафот этишларнинг максимал сони кузатилди.