«Реклама тўғрисида»ги янги қонунда нималар реклама қилиниш ёки қилинмаслиги ойдинлашмоқда

«Реклама тўғрисида»ги янги қонунда нималар реклама қилиниш ёки қилинмаслиги ойдинлашмоқда

Жамоатчилик нигоҳидан панада ўтиб кетаётган янги қонун оммавий ахборот воситалари, айниқса телеканаллар бугунги кунда олиб турган даромаднинг кескин камайишига ва тадбиркорларнинг ўз маҳсулотлари ва хизматларини реализация қилишда жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.

Янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида» қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатларнинг 98,4 фоиз овози билан маъқулланди. Аммо унинг баъзи бандлари эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқишди ва бу 98,4 фоиз депутатлар томонидан маъқулланди.

Янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати сифатида амалдаги қонунда (амалдаги қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, 30та моддадан иборат. Бугунги кунга қадар унга 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган) умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжудлиги, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмагани айтилган. Шунингдек, янги қонуннинг яратилиши реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланганмагани ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётгани билан ҳам изоҳланган.

ОАВ эркинлигига яна бир зарба

Аммо қонун лойиҳасидаги бир қанча жиҳатлар тадбиркорлар ва жамоатчилик томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳасининг 18-моддасида шундай бандлар бор:

Қуйидагиларни тайёрлашда ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмайди:

  • янгиликлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувларда;
  • реклама роликлари ва блокларида;
  • телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида.

Бу эса ўзини ўзи молиялаштирадиган бир қанча хусусий телеканаллар ва ОАВни қаттиқ хавотирга соляпти. 

«Хусусий телеканал бўлганимиз сабабли барча яратилаётган кўрсатувлар, дастурлар ҳомийлик тўловлари орқали молиялаштирилади. Ҳомийларнинг бундан оладиган манфаати эса теледастурларнинг анонсларида ўз рекламаларининг чиқиши ҳисобланади.

Тушунишим бўйича, анонс блокларида ҳомийлик рекламасининг чиқишига тақиқ қўйиладиган бўлса, биз барча ҳомийларни йўқотамиз. Ҳаммаси маблағга бориб тақалади, бир қанча ижодий жамоалар фаолияти тўхтаб қолиш эҳтимоли жуда юқори. Оддий қилиб айтганда - аслида ҳеч кимга халақит бермаётган 5 секундлик анонслар бир қанча production студияларининг фаолият олиб боришига замин яратмоқда. Бунда биргина биз эмас, ҳар бир телеканал бир йилда камида бир неча миллиард сўм зарар кўради. Давлат ҳам яхшигина солиқ йўқотади.

Ўзи ОАВлар пандемияда яхшигина зарба еган соҳа бўлса, ҳукуматдан бирорта солиқ ёки бошқа турдаги преференция мазасини тортмади, нега уларнинг истаклари ҳисобга олинмаслиги керак? Уларга ҳам ачинасизларми ёки «кимлардир» тузиб берган лойиҳани шунчаки ўтказиб юборишдан манфаатдормисиз? Уларнинг иқтисодий сиёсати ҳақида ҳам кимдир ўйлайдими ўзи?» дея фикр билдирди у.

Бизнес ривожи учун ғов

Бугунги замонавий дунёда медиа олами реклама ва маркетинг билан чамбарчас боғланган ва бундан ҳар икки томон ҳам бирдай манфаатдор. Тадбиркорликни ҳаракатлантирувчи энг асосий куч бу – реклама. Шунингдек, деярли барча хусусий ОАВлар ҳам айнан реклама ҳисобидан ўзини молиялаштиради. Шу боис, қонунга киритилаётган бу нормани ҳар икки томонга нисбатан ҳам иқтисодий тажовуз сифатида баҳолаш мумкин.

Мантиқан ўйлаб қарайдиган бўлсак, бундан давлатнинг ўзи ҳам ютқазади. Янги қонунда белгиланган чекловлар орқали давлатга ОАВдан келадиган солиқ тушумлари ҳам ўз-ўзидан камаяди, яъни реклама берувчи томон ҳам, рекламани қабул қилувчи ОАВ ҳам, тадбиркорлик ривожланиши ва солиқ тушумлари ошишидан манфаатдор давлат ҳам бунда ютқазади.

Фармкомпаниялар ҳам хавотирда

Бундан ташқари, қонунда дори воситалари рекламасида қуйидагилар тақиқланмоқда:

  • реклама қилинаётган дори воситасининг нархи ёки нарх сиёсати тўғрисида бирор-бир эслатмадан фойдаланиш ёки ушбу дори воситасининг қулай нархда эканлиги тўғрисида таассурот қолдириш;
  • таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахслар иштирокидан фойдаланиш;
  • жамоатчиликнинг дори воситасининг таъсири ҳақидаги миннатдорчилик, тавсиялар ва эътирофларидан фойдаланиш;
  • касаллик (жароҳат) ва (ёки) дори воситаларининг инсон танасига таъсирида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги видеотасма, тасвирлар ва визуал намойишлардан фойдаланиш;
  • улардан фойдаланиш ёки истеъмол қилиш жараёнларини тасвирлаш.

Kun.uz мухбири билан гаплашган, фармацевтика соҳасида бир неча йиллардан бери фаолият олиб бораётган тадбиркор бу бандларни қуйидагича изоҳламоқда:

«Кўплаб ижтимоий тармоқларда дори воситларини реклама қилишда таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахслар иштирокидан фойдаланиш тақиқланаётгани ҳақидаги хабарларни ўқидим.

Бу худдики Аdidas ёки Nike спорт маҳсулотларини реклама қилишда спортчилар ёки спортга ихтисослашган ташкилотларга чеклов қўйганга ўхшайди. Энг қизиқ томони, биз янги маҳсулот ишлаб чиқардик ва бу кимларгадир фойда берди, яхши самара кўрсатди. Эндиликда ўша инсонлар билдираётган фикрлардан ҳам фойдаланишга чекловлар ўрнатилар экан. Ёки дори воситасининг инсон танасига таъсири, ундан фойдаланиш кўникмалари ҳақида қисқа видеолавҳа тайёрлашнинг нимаси нотўғри? Кўпчилик инсонлар дори воситаси ҳақидаги йўриқномани ўқиб кўришмайди, унинг баъзи ножўя таъсири ва қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлари бўлиши мумкин. Қисқа 1-2 дақиқалик видеолавҳа орқали буни тушунтириб берсак, истеъмолчилар учун ҳам фойдалироқ бўлади-ку? Бунда эскича консерватив усуллар ўрнига, янгича ёндашувлардан фойдаланишнинг нимаси ёмон?» дея таъкидлади тадбиркор.

Лойиҳа ҳар доимгидек манфаатдор қатлам иштирокисиз тор доирада ўтиб кетмоқда

Бу ерда тадбиркорнинг эътирозлари қанчалик ўринли ёки ўринсизлиги бошқа масала, диққатни тортадиган жиҳати Олий Мажлисда бирор-бир қонун муҳокамаси кетадиган вақтда нима сабабдан ушбу қонун энг кўп таъсир ўтказадиган қатлам вакилларининг фикри ўрганилмайди, уларнинг ёндашуви инобатга олинмайди? Бунда яратилаётган қонун энг кўп таъсир ўтказувчи қатлам вакилларининг фикри тингланса, ўринли эътирозларга муқобил ечим таклиф қилиниб, кейин янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилса, соғлом ақл нуқтайи назаридан тўғри бўлмайдими? Бу борада энг аввало, истеъмолчилар ва тадбиркорлар манфаатлари инобатга олиниши керак эмасми?

Даҳшатли санкциялар

Шунингдек, қонунда реклама фаолияти субъектлари ҳисобланувчи юридик шахсларга нисбатан қўлланадиган молиявий санкция миқдорлари кўрсатилган:

  • ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиш тақиқланган маҳсулотлар тўғрисида реклама тарқатганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари;
  • нотўғри, ахлоқсиз, қиёсий ёки яширин реклама берганлик, шунингдек, аксилреклама беришдан бош тортганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари;
  • дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламаси ҳамда вояга етмаганлар билан боғлиқ рекламага қўйилган талабларни бузганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари.

Қонун жамиятни тартибга солишдаги олий восита, уни бузган ҳар қандай фуқаро жазоланиши керак. Аммо шу ўринда ҳақли савол туғилади: давлатнинг ўзи тадбиркорнинг қонуний манфаатларига зиён етказса-чи, унда кўрилган зарар қандай компенсация қилинади?

Яқинда пойтахтдаги ташқи реклама бизнеси эгаларининг ўзларига мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган, баҳоси 300 миллион сўмгача турадиган 200дан ортиқ реклама конструкциялари номаълум сабабларга кўра бузиб ташланганди. Бу ташқи реклама объектларининг бузилиши ҳеч қандай асос ва суд қарорисиз амалга оширилди. Нима сабабдан молиявий санкциялар фақат бир томон учун ишлаши керак? Нега қонунлар ўзида фақат бир томон манфаатларини ифода қилиши керак?

Хулоса ўрнида

Давлат бюджетини шакллантирувчи асосий омиллардан бири тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган солиқлар ҳисобланади. Хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилмас экан, юксак тараққиёт ҳақида ўйлаш мантиқсизликдир. Доимий равишда давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилиши керак. Тараққиётнинг ҳозирги босқичида бизнес ва тадбиркорлик ривожланишини қўллаб-қувватлаш иқтисодиётнинг яқин келажакдаги юксалишига пойдевор вазифасини ўтайди. Тадбиркорликни ҳаракатлантирувчи энг асосий куч бу – реклама. Уни соддалаштириш ва либераллаштириш ўрнига тақиқларни кучайтириш ҳеч қанақасига мамлакат тараққиётига хизмат қилмайди.